Йиғилишда таъкидланишича, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш, Трансафғон темир йўли лойиҳасини жадаллаштириш мамлакатнинг минтақавий ва халқаро транспорт тизимидаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.

Ушбу йирик лойиҳалар ишга тушиши натижасида Ўзбекистон Тинч океанидан Европагача бўлган энг қисқа қуруқлик йўлагининг асосий бўғинига айланади. Мазкур йўналиш анъанавий йўналишларга нисбатан юк ташиш вақтини 3 баробаргача қисқартириб, 8 кунгача тушириш имконини беради. Шунингдек, Покистоннинг Карачи ва Гвадар портлари орқали Ҳинд океанига, қарийб 2 миллиард аҳоли яшайдиган Жанубий Осиё бозорларига чиқиш учун энг тезкор йўл очилади.

Тақдимотда бу борадаги имкониятлардан ҳали тўлиқ фойдаланилмаётгани қайд этилди. Хитой ва Европа ўртасида йиллик товар айланмаси 800 миллиард долларни, юк ташиш ҳажми эса 120-150 миллион тоннани ташкил этади. Агар Ўзбекистон йилига қўшимча 15-20 миллион тонна халқаро транзит юкини қабул қила олса, 400-600 миллион доллар қўшимча даромад, логистика марказлари ва терминаллар қурилишига 3 миллиард доллар хорижий инвестиция, 50 мингта барқарор иш ўрни яратиш имконияти пайдо бўлади. Бу иқтисодиёт ўсишига қўшимча 1,5-2 фоизлик суръат бериши мумкин.

Бироқ ҳозирча Ўзбекистоннинг ушбу транзит айланмасидаги улуши 1-2 фоиздан ошмаяпти. 2025 йилда транзит юк ташиш ҳажми 15,3 миллион тоннани ташкил этиб, 2021 йилга нисбатан 54 фоиз ўсган бўлса-да, мавжуд салоҳият бундан анча юқори.

Таҳлилларга кўра, чегара ўтказиш пунктлари кўп бўлишига қарамай, уларнинг аксарияти халқаро юкларни тезкор қабул қилиш ва расмийлаштириш қувватига эга эмас. Мамлакатда халқаро талабга мос 27 та логистика маркази мавжуд бўлиб, уларнинг умумий қуввати 27,2 миллион тоннани ташкил этади. Бироқ фақат биттаси юқори тоифага эга. Автоматлашган “А” тоифадаги омборлар жами эҳтиёжнинг 10-15 фоизини қоплайди, замонавий музлаткичли ва божхона омборлари етишмайди.

Шунингдек, логистика марказлари асосан Тошкент шаҳри ва унинг атрофида жойлашгани, контейнерлаштириш улуши пастлиги, давлат органлари ва хусусий логистика марказлари ўртасида ахборот тизимлари тўлиқ интеграция қилинмагани, соҳада рақамлаштириш даражаси етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Тақдимотда Хонобод ва Ангрен шаҳарлари, Янгийўл, Оҳангарон, Олот ва Термиз туманларини транспорт-логистика соҳасига ихтисослаштириш таклиф этилди.