Президент Шавкат Мирзиёев 15 июль куни иқтидорли бошқарувчилар, лидерлар ва янги авлод раҳбарларини аниқлаш ва танлаш ҳамда «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишди.
Тақдимотда сунъий интеллект ёрдамида тармоқлар ва ҳудудларнинг драйвер соҳалари таҳлил қилиниб, 50 дан ортиқ замонавий касб бўйича бошқарув кадрларига эҳтиёж мавжудлиги аниқлангани қайд этилди. Айниқса, энергетика ва «яшил» технологиялар, қурилиш ва урбанизация, қишлоқ ва сув хўжалиги, рақамлаштириш ҳамда хизмат кўрсатиш йўналишларида малакали мутахассисларга талаб юқори.
Давлат раҳбари тайёр кадрлар базаси бўлмаса, бошқарув тизимида узилишлар юз бериши, иш самарадорлиги ва қарорлар сифати пасайишини таъкидлади.

Кадрларни баҳолашда эскича «объективка» усулидан воз кечиб, номзоднинг билими, касбий тажрибаси, психологик хусусиятлари, стратегик фикрлаши ва лидерлик қобилиятини қамраб оладиган портфолио тизимига ўтиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Янги тартибга кўра, истиқболли бошқарувчилар рақамли технологиялар асосида 100 баллик мезон бўйича баҳоланади. Катта маълумотлар ва бизнес-таҳлил воситалари орқали юқори салоҳиятли кадрлар аниқланиб, улар учун сунъий интеллект ёрдамида индивидуал касбий ривожланиш режалари ишлаб чиқилади. Мазкур тизимни дастлаб қишлоқ хўжалиги, олий таълим ва қурилиш соҳаларида синовдан ўтказиш таклиф этилди.
Ҳар икки йилда 500 нафар истиқболли бошқарувчини саралаб олиш, шу тариқа 2030 йилга қадар 1,5 минг нафар юқори салоҳиятли мутахассисдан иборат янги авлод раҳбар кадрлар захирасини яратиш режалаштирилган.
Тақдимотда раҳбарлик лавозимлари учун захирани шаффоф шакллантиришга қаратилган «ТОП-100» очиқ танловини ўтказиш механизми ҳам баён қилинди. Танлов аграр соҳа, соғлиқни сақлаш, тадбиркорлик, суд-ҳуқуқ, таълим, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект йўналишларини қамраб олади.

Номзодлар тест, комплекс касбий баҳолаш ва суҳбат босқичларидан ўтади. Ғолиблар махсус ўқув курсларида тайёрланиб, миллий кадрлар захирасига киритилади, уларнинг касбий ўсиши ва раҳбарлик лавозимларига тайинланиши бўйича манзилли чоралар кўрилади.
Миллий кадрлар захирасини шакллантиришда хориждаги ватандошлар, шунингдек, дунёнинг энг нуфузли 100 та университетини тамомлаган ва уларда таҳсил олаётган ёшлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.
















