Яқинда Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетининг иқтисод фани ўқитувчиси Рауфхон Салахўжаев дунёнинг 100 та энг кучли ёш иқтисодчиси рейтингидан жой олди. Research Papers in Economics ташкилоти томонидан тузилган мазкур нуфузли рейтингда ҳамюртимизнинг 32-поғонани эгаллагани қувонарли ҳолат, албатта.

Ҳали ўттиз ёшни қаршиламаган бўлишига қарамай, Рауфхон макроиқтисоддаги янги йўналиш «Иқтисодий ўсишнинг чуқур омиллари» бўйича тадқиқот олиб бораётган кам сонли олимлардан.

Ёш олим, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтида катта илмий ходим сифатида фаолият олиб боради.

Бугун айнан Рауфхон билан суҳбат қуриб, қаҳрамонимиз билан яқинроқ танишишга, унинг иқтисод соҳасидаги қарашлари, касбий фаолияти, шунингдек, қизиқишлари, ички олами билан ўртоқлашишга ҳаракат қилдик. 
 
Танишинг: Салахўжаев Рауфхон Фарҳодхонович 

Туғилган санаси: 19 июнь 1987 йил, Наманган вилояти, Косонсой тумани. 

Қаерда таҳсил олган: 

2002-2003 йил — Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги академик лицейи. 

2003 йилда Future Leaders Exchange (FLEX) program дастуридан муваффақиятли ўтиб, икки йил давомида Техас (АҚШ) штати, Остин шаҳридаги Anderson High School мактабида таҳсил олади. 

2005 йилда Наманган шаҳридаги Дўстлик академик лицейини тамомлаб,Тошкент Молия институтига давлат гранти асосида ўқишга киради.  

2010 йилда Edmund Muskie стипендиялар дастури соҳибига айланиб, Нью-Йорк Давлат университетига ўқишга қабул қилинади. 2012 йилда Корнель университетининг (АҚШ) Меҳнат муносабатлари факультетида малака оширади. 

- Дунёнинг энг кучли ёш иқтисодчиларидан бири эканлигингизни билганингизда, нималарни ҳис этдингиз? 

Бу мен учун кутилмаган ва ёқимли ҳодиса бўлди. Бу рейтинг айни дамда сайёрамизда самаралироқ меҳнат қилаётган олим иқтисодчилар ким эканини билиб олишга ёрдам беради. Мазкур рўйхатдан жой олишим — бу фақат шахсий ғалабам эмас, балки юртимизнинг ҳам ғалабасидир. Ўзбекистоннинг катта қисмини ёшлар ташкил этишини ҳисобга олган ҳолда бизда мислсиз илмий салоҳият бор, деб ҳисоблайман ва яқин 20 йил ичида мамлакатимиз Корея ва бошқа давлатлар йўлини босиб ўтиши мумкин. Мен учун бу янгидан-янги ғалабалар учун катта масъулият юклайди, илм билан шуғулланишга рағбат беради.