Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда миллий ва халқаро журналистиканинг энг юксак ютуқларини кенг оммалаштириш, ОАВ ходимлари фуқаролик позицияларини намоён этишлари учун шароит яратиш ҳамда журналистларда таҳлилий- танқидий мушоҳада ва ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни шакллантириш мақсадида “Олтин қалам” ХII Миллий мукофоти учун халқаро танловни ўтказади.

3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишланган бу танловга 2016 йилнинг 31 мартидан 2017 йилнинг 31 мартигача – бир йил давомида газета ва журналларда чоп этилган, радио орқали эфирга узатилган ҳамда телевидениеда кўрсатилган ва интернет нашрларида берилган материаллар 2017 йилнинг 10 апрелигача қабул қилинади.

Танлов ғолиблари учун қуйидаги мукофотлар таъсис этилган:

Журналистика соҳасида бош миллий мукофот

Ғолиб махсус диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг 200 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.

Асосий мукофотлар:

Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (телевидение – 1-, 2-, 3-ўринлар);

Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (радио – 1-, 2-, 3-ўринлар);

Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (босма ОАВ – 1-, 2-, 3-ўринлар);

Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (интернет-журналистика – 1-, 2-, 3-ўринлар).

Биринчи ўринни олган ғолиблар диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва энг кам иш ҳақининг 160 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланадилар.

Иккинчи ўринни олган ғолиблар диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва энг кам иш ҳақининг 140 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланадилар.

Учинчи ўринни олган ғолиблар диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва энг кам иш ҳақининг 120 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланадилар.