17:07 / 16.03.2017
6694

Brexit тўғрисидаги қонун кучга кирди

Буюк Британия қироличаси Елизавета II мамлакатнинг Европа Иттифоқидан чиқиши тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади ва қонун кучга кирди.

Британия парламентининг қуйи палатаси 13 март куни Brexit ҳақидаги қонунни якуний ҳолда қабул қилганди.

Қироличанинг тасдиқлашидан кейин бош вазир Тереза Мэй Европа Иттифоқи билан музокараларни бошлаш ваколатини қўлга киритди, музокаралар эса 2 йил ичида якунланиши керак. У Лиссабон келишувининг 50-моддасини қўллаш ҳуқуқига эга бўлди, унга кўра мамлакат ЕИни исталган вақтда тарк этиши мумкин бўлади.

Шу билан бирга Британия ҳукумати Brexit жараёни бошланадиган аниқ муддатни маълум қилмаяпти.

Маҳаллий нашрлар эса ҳукумат Нидерландиядаги сайлов якунларини кутаётгани, шунингдек, бу Шотландиядаги воқеалар билан боғлиқлигини ёзмоқда. Шотландия миллий партияси коференцияси ҳафта охирида ўтказилади. Эҳтимолларга кўра Brexit 27 март куни бошланади.

Лондон ва Брюссель музокаралари 2 йил вақтни олиши ва 2019 йил баҳорида қироллик иттифоқни буткул тарк этиши мумкин.

Top