Жаҳон | 08:46 / 28.03.2017
13616
4 дақиқада ўқилади

Грузияликлар европаликларга айланди

28 март кунидан Грузия фуқаролари визасиз Европа иттифоқи давлатларига қисқа муддатга биометрик паспортлар билан бориши мумкин.

Визасиз режим Шенген ҳудудида эркин ҳаракатланиш имконини беради, ҳудуд ўз ичига ЕИнинг 22 аъзо-давлати ва 4та аъзо бўлмаган мамлакат (Исландия, Лихтенштейн, Норвегия ва Швейцария), шунингдек Шенгенга тўртта номзод давлатни (Болгария, Кипр, Руминия, Хорватия) қамраб олади.

Шенген ҳудуди мамлакатларида ярим йил давомида 90 кундан ортиқ қолиш мумкин эмас, шу билан бирга, рухсат этилган кунлардан тақсимлаган ҳолда ҳам фойдаланиш мумкин. Визасиз режим Европа иттифоқи мамлакатларида ишлаш учун рухсат бермайди. Қисқа муддатли ташриф мақсади туризм, бизнес-учрашувлар, тренинглар, маданий тадбирларда қатнашиш, яқинлар ва дўстларнинг олдига бориш кабилар бўлиши мумкин. Грузия фуқароси ишлаш учун ёки узоқ муддатга бормоқчи бўлса, тегишли давлат консуллигида виза олиши керак бўлади.

Иммиграция хизмати ходими Шенген ҳудуди чегарасида қуйидаги ҳужжатларни сўрашга ҳуқуқи бор: молиявий таъминот исботи – банкдан маълумотнома, ишдан маълумотнома ва асосийси – ташриф мақсадининг тасдиқланиши: ортга чипта, йўловчи суғуртаси ва меҳмонхонадан хона банд қилингани ҳақидаги ҳужжат, агарда сайёҳлар қариндошларникига кетишаётган бўлса, улардан таклифнома талаб этилади. Молиявий таъминот суммаси бир кунда камида 50 еврони ташкил этиши керак, бу меҳмонхонада яшаш учун харажатдан ташқари белгиланган.

"Асосийси – Грузия фуқароси лозим бўлганда чегара назоратида ўзининг қисқа муддатли ташрифи мақсади, қаерга кетаётгани, нимага кетаётгани ва қачон қайтиши ҳақидаги маълумотларни тақдим этиши", - дея маълум қилди Грузия ТИВ раҳбари Михаил Жанелидзе.

Визасиз режим кучга кириши билан халқаро аэропортлардаги Грузия давлат чегарасида йўловчиларда Шенген ҳудудига кириш учун талаб этилувчи барча ҳужжатлар борлиги текширилади.

Шу билан бирга, визасиз режимни тўхтатиш механизми ҳам кучга киради. Бундай механизм бўйича келишув ЕИ Кенгаши томонидан Украина ва Грузия фуқаролари учун визаларни бекор қилишда ўзига хос талаб сифатида қўйилган.

Таҳлилчилар фикрича, Грузиядаги иш ўринларининг етишмаслиги бу давлатларга бормоқчи бўлган ноқонуний муҳожирлар сони ортишига олиб келиши мумкин.

Мамлакат ҳукумати бундай ҳолатлар олдини олиш учун чегара назоратида ўз фуқароларининг Европада қолиш муддатини назоратга олувчи махсус механизм ишлаб чиқди.

Грузия фуқароси ЕИ давлатларида уч ойдан ортиқ қолиб кетса, Грузия ИИВ ва Адлия вазирлиги бундан хабардор этилади ҳамда қоидабузарни қидиришга тушадилар. Бу жараённинг бошланғич босқичида барча харажатлар ҳукумат томонидан қопланади, бироқ бир қанча вақтдан сўнг қоидабузарнинг бўйнига қўйилади.

Грузия пойтахти ва қатор йирик шаҳарларида визасиз режим кучга кириши бўйича тантанали маросимлар якшанба куни бошланди. Тбилисида телеминора ЕИ байроғи – кўк рангда ёниб турибди, марказда гала-концерт ҳамда кўнгилочар шоу бўлиб ўтди.

Визасиз режим кучга кирганидан сўнг ЕИга биринчи бўлиб мамлакат бош вазири Георгий Квирикашвили боради – у сешанба куни ҳокимият вакиллари, талабалар, миллий озчилик вакиллари, олимлар ҳамда тадқиқотчилар билан Афина, кейин эса Брюсселга йўл олади.

"Замонавий Грузия учун тарихий кун келди. ЕИнинг Грузия фуқаролари учун визасиз режим тўғрисидаги қарори кучга кирмоқда. Европарламент бундай қарорни 2 февраль куни қабул қилди ҳамда йигирма саккизинчидан бошлаб бу ҳақиқатга айланди. Бу қарор Грузиядаги ислоҳотлар ва ҳаракатлар самараси", - дея маълум қилди парламентнинг евроинтеграция бўйича қўмитаси раиси Тамара Хулордава брифингда.

Грузия аҳолисига визасиз режим талаблари ҳақида тушунтириш ишларига оид ахборот кампанияси бир ой давомида ўтказилади.

Мавзуга оид