DW хабарига кўра, Bloomberg агентлиги 1 октябр куни вазиятдан хабардор манбаларга таяниб, Европа Иттифоқи Украинанинг кредит маблағларини тезроқ олиш ҳақидаги илтимосини қаноатлантирмаганини маълум қилган.
Гап умумий қиймати 90 млрд евро бўлган кредитнинг бир қисмини белгиланган муддатдан олдин бериш ҳақида бормоқда. Кредитнинг ўзи бекор қилингани ҳақида хабар берилмаган.
Ҳарбий харажатлар ошиши қўшимча тақчилликни келтириб чиқарган
Bloomberg маълумотларига кўра, Киев ёзда ҳарбий харажатлар ўсиши туфайли қўшимча 27 млрд евролик молиялаштириш тақчиллигига дуч келганини билдирган. Украина кредитнинг бир қисмини эртароқ олиб, жорий йилдаги ушбу етишмовчиликни қоплашни сўраган.
Бироқ агентлик манбаларининг айтишича, Брюссель маблағларни ҳозир тезлаштириб ажратиш муаммони бартараф этмасдан, уни 2027 йилга кўчириши мумкин деб ҳисобламоқда.
Шу муносабат билан Европа расмийлари Украинанинг бошқа ҳамкорларига, жумладан, Канада, Норвегия ва Японияга қўшимча ёрдам кўрсатиш таклифи билан мурожаат қилган.
Режага кўра, Европа Иттифоқи кредити Украинанинг молиявий эҳтиёжларининг учдан икки қисмини қоплаши, қолган қисмини эса иттифоққа кирмайдиган давлатлар таъминлаши кутилмоқда.
45 млрд евро келаси йилдан ажратилади
Bloombergʼнинг аниқлик киритишича, кредитнинг 2027 йил учун мўлжалланган 45 млрд евролик қисми тезкор тарзда ажратилади. Бироқ бу жараён келаси йил бошидан олдин амалга оширилмайди.
Айни пайтда Европа Иттифоқи ва Украина қўшимча бюджет ҳамда мудофаа эҳтиёжларини аниқлаш бўйича иш бошламоқчи.
37 млрд евролик ёрдам ислоҳотларга боғланган
Сентябр ойида Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен Ню-Йоркда, БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Володимир Зеленский билан учрашган эди.
Учрашувда у Европа Иттифоқида 2026 йил учун Украина бюджетини қўллаб-қувватлашга мўлжалланган яна 37 млрд евро маблағ борлигини билдирган. Бироқ ушбу маблағларни ажратиш Киев амалга ошириши керак бўлган ислоҳотларга бевосита боғланган.














