Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорга имзо чекди.
Унга кўра “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибига тижорат банклари ва пиллачилик тармоғи ташкилотлари муассислигида янгидан ташкил этиладиган “Ипаксаноат” минтақавий жамиятлари – “Жанубипаксаноат”, “Шимолипаксаноат”, “Марказипаксаноат”, “Водийипаксаноат” ва “Тошкентипаксаноат” масъулияти чекланган жамиятлари; Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар “Пилла” ҳудудий бирлашмалари негизида ташкил этиладиган ҳудудий “Агропилла” масъулияти чекланган жамиятлари; туман ва туманлараро “Пилла” масъулияти чекланган жамиятлари негизида ташкил этиладиган туман “Агропилла” масъулияти чекланган жамиятлари; ипак қурти уруғини ишлаб чиқариш, пиллани қайта ишлаш ҳамда ипак газламалар ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ташкилотлар кирадиган бўлди.
Қуйидагилар “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланди:
а) озуқа базасини такомиллаштириш бўйича: тармоқнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш, тут қаторлари ва тутзорларни кенгайтириш мақсадида суғориладиган ер майдонлари ажратиш бўйича тегишли давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ўзаро самарали ҳамкорликни таъминлаш; ипак қурти парвариш қилинмайдиган даврларда пиллахоналар ва тутзорларда иккиламчи фаолиятни амалга ошириш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўйиш, уларни ички ва ташқи бозорларда сотиш;
б) ипак қурти уруғи ва пилла етиштириш, тайёрлаш ва бирламчи қайта ишлаш бўйича: Уюшма таркибига кирувчи ташкилотларга ипак қуртининг юқори маҳсулдор зотларини яратиш, парвариш қилиш ва сифатли уруғ ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда кўмаклашиш; республика ҳудудлари бўйича пилла етиштиришнинг прогноз ҳажмларини белгилаш, пилла тайёрлаш ва қайта ишлаш ташкилотлари бўйича пилла етиштириш учун буюртмаларни жойлаштириш; сифатли пилла етиштириш ва тайёрлаш, уни дастлабки қайта ишлаш, хом ипак ва ипак калава ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни ташкил этиш ва мавжудларини модернизация қилишни ташкил этиш;
в) пиллани чуқур қайта ишлашни ташкил этиш бўйича: ипакдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва унинг сифатини янада яхшилаш, унинг энг харидоргир турлари ва дизайнини ўзлаштириш, тармоқ маҳсулотларини халқаро талабларга мувофиқ сертификатлаштириш ва стандартлаштиришни таъминлаш, сифат менежментининг замонавий усулларини кенг жорий этишга доир ишларни самарали ташкил этиш; маҳсулот сотиш бозорларини кенгайтириш бўйича маркетинг тадқиқотлари олиб бориш, ипак маҳсулотлари нархини шакллантиришнинг мақбул механизмини яратиш бўйича таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда тайёр ипак маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш;















