Жамият | 13:09 / 01.04.2017
6403
2 дақиқада ўқилади

«Матбуот» киоскларининг 700 га яқини тўлов терминаллари билан таъминланмагани учун ёпиб қўйилди

Миллий матбуот марказида «Матбуот тарқатувчи» акциядорлик компанияси томонидан вақтли матбуот нашрларини аҳолига тез ва сифатли етказиб бериш бўйича белгиланган чора-тадбирлар, муаммо ва ечимларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Сўнгги йилларда компания фаолиятини янада такомиллаштириш, вақтли матбуот нашрларини истеъмолчига тез ва сифатли етказиб бериш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди. 

– Тизим корхоналаридаги мавжуд «Матбуот» киоскларининг аксарияти жорий ва капитал таъмирланди, – дейди «Матбуот тарқатувчи» акциядорлик компанияси бош юрист-консультанти Алишер Қосимов. – Маркетинг тадқиқотларига асосан аҳоли гавжум жойларга 153 ҳамда пойтахтимизнинг марказий кўчаларига янги типдаги 98 киоск жойлаштирилди. Автомашиналар таъмирланиб, 49 янги автотранспорт воситаси харид қилинди. Жорий йил учун обунани расмийлаштириш ва етказиб бериш харажатлари бўйича тарифлар сезиларли даражада пасайтирилди, баъзи нашрлар, хусусан, ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга ва болалар учун нашрларга имтиёзлар қўлланилди. 

Akmt.uz веб-сайтида обуна катологининг электрон кўриниши жойлаштирилган бўлиб, интернет тармоғи орқали ҳам даврий нашрларга обуна йўлга қўйилган. Ҳозир мазкур хизмат тури янада такомиллаштирилмоқда. 

Шу билан бирга, қайд этилишича, бугунги кунда «Матбуот» киоскларининг 700 га яқини тўлов терминаллари билан таъминланмагани учун ёпиб қўйилган. Уларнинг аксариятида янги хизмат турлари, хусусан, интернет ҳамда халқаро телефон сўзлашув карталари, уяли алоқа телефонларига тўлов карталари сотуви, телефон-факс ва нусха кўпайтириш хизматлари йўлга қўйилмаган. 

Матбуот анжуманида ана шу сингари камчиликлар ва уларни бартараф этиш борасида қилинаётган ишлар ҳақида фикр юритилди. 

Мавзуга оид