1 апрель куни ўн минглаб ўзбекистонликлар Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги расмий сайтида Бандликка рухсат бериш тизимида имтиҳон қилинди.

Ижтимоий тармоқлар Жанубий Кореяга ишлаш учун бориш истагида бўлган ўзбекистонликлар Ўзбекистон Республикаси меҳнат вазирлиги ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан ўтиб бўлмас тўсиқларга дуч келаётгани туфайли норозилик оҳангидаги муносабат билан тўлиб-тошди.

Имтиҳонда иштирок этган юзлаб манбаларнинг гувоҳлик беришича, бу жараён ҳар қандай мантиққа зид кечган. Қоидага кўра, корейс тилидан билим даражани аниқлаш учун корейс тилидан савол-жавоб бўлиши керак бўлган ўринда, ўзбек тилида тарих, адабиёт, она тили, кимё, физика, ҳуқуқ, география, биология каби фанлардан бир-биридан мураккаб, бир-биридан мантиқсиз ва кулгили, чала-ярим саволлар берила бошланган. 20та савол учун 10 дақиқа берилган бўлса, бу вақт саволлар бўйича тенг тақсимланмаган. Айрим саволларга 45 сония, баъзиларига 10 сония вақт берилган. Қуйида ижтимоий тармоқда тарқалган шундай намуналар ва бунга муносабатлар келтирилади.

Жанубий Кореяга ишлаш учун кетаётган кишилардан олий ўқув юртларига кириш вақтида абитуриентларга бериладиган саволлардан ҳам мураккаброқ саволлар берилган. Хусусан, улардан "Сирдарё вилояти аҳолисининг қанча қисми чучук сув ичиши", "Мўғул хони Хитойда қачон қайси сулолага асос солганию", "Митти юлдуз" китоби кимники экани, "Ҳалима энам аллалари" шеърий тўплами муаллифи кимлигию, "Чустда қачон қўзғалон бўлгани"дан тортиб, қайсидир Аҳмад қачон вафот этганигача сўралган.

"Кореяга ишлашга келаётган одамга соч ҳақида ёзилган шеърнинг нима алоқаси бор экан?", дея ҳайронлигини билдирган твиттер фойдаланувчиларидан бири.