Сел интенсив ва давомли жала, музликлар ёки мавсумий қор қопламларининг шиддат билан эриши натижасида юзага келади. РИА "Новости" 2010-2017 йиллар орасида рўй берган энг вайронкор селлар рўйхатини тақдим этди.

2017 йил 1 апрелга ўтар кечаси Колумбияда ўз қирғоқларидан чиқиб кетган Мокоа, Сангояко ва Мулатос дарёлари сел оқимларини келтириб чиқарди. У 45 минг аҳолига эга Мокоа шаҳрининг 17 туманида қайд этилди. Ҳалок бўлганлар ҳақидаги сўнгги маълумотлар 254 кишининг ўлимидан далолат беради. Шунингдек, маҳаллий Қизил Ҳоч маълумотларига кўра, яна 400 киши жароҳат олган, 220 нафари бедарак йўқолган деб топилган.
2016 йилнинг май ойи охирида Қирғизистондаги Қадамжой туманида бирйўла бир неча сел оқимлари қайд этилган. 84 хонадон сув остида қолган, бундан ташқари, 95 уйнинг ҳудудини сув босган. Табиий офат 25 километр йўлни ювиб кетган, 12 кўприкни вайрон қилган, электр узатиш линиялари ва 21 автомашинага зиён етказган. 5 нафар киши ҳалок бўлган, бир бола бедарак йўқолган.
2015 йилнинг июнида аномал иссиқ ҳаво музликларнинг эришига олиб келди, натижада Тожикистоннинг тоғли ҳудудларига сел оқимлари келди. Табиий офатдан кўрилган умумий зарар ҳукумат томонидан 600 миллион сомоний (тахминан 92 миллион доллар)га баҳоланган. Сел оқимлари натижасида 8 нафар киши ҳалок бўлган.

2014 йилнинг май ойи охирида Хитойнинг жанубида жуда кучли сел ёмғирлари ёғди. Табиий офат энг кўп Гуанчжоу, Чжаоцин ва Цинъюань шаҳарларига зиён етказган. Дарёлар қирғоқдан ошиб, сел оқимларини ҳосил қилган. Натижада 16 тезкор магистраль ёпилган, 1.1 мингдан зиёд уй вайрон бўлган. 19 киши ҳалок бўлган, яна 7 нафари бедарак йўқолган. Бундай кучли ёғинлар провинцияда юз йилда бир марта қайд этилади.















