18:51 / 04.04.2017
7134

Душанбега рейс 11 апрель куни бўлиши эҳтимоли мавжуд

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпаниясининг Тошкентдан Душанбега 4 апрель куни амалга ошиши керак бўлган, аммо етарлича йўловчилар топилмагани туфайли қолдирилган рейси 1 ҳафтадан кейин, 11 апрель куни амалга ошиши мумкин. Бу ҳақда авиакомпания вакили Ориф Рўзимуродовга асосланган ҳолда хабар берган.

«Тожикистондаги ваколатхонани рўйхатдан ўтказиш жараёни якунланди. Афсуски белгиланган кунда парвозни амалга ошириш имкони бўлмади. Ҳафта охирига қадар биз қолган масалаларни ҳал қилиб, 11 апрель куни парвозни амалга оширишни режалаштирмоқдамиз», деган у.

2016 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон ва Тожикистон 1992 йили тўхтатилган авиақатновларни 2017 йил бошида қайтадан йўлга қўйишга келишиб олган эди. Авиарейсларни Тожикистон томонидан Somon Air, Ўзбекистон томонидан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниялари амалга ошириши белгиланганди. 

Somon Air авиакомпаниясининг Тошкентга биринчи рейси 20 февралга режалаштирилган эди, аммо авиакомпания зарур ҳужжатларни ўз вақтида тақдим этмагани сабабли парвоз бекор қилинди.

Март ойида «Тошкент—Душанбе» рейси бўйича парвозлар 4 апрелдан бошланиши ва ҳафтада икки марта амалга оширилиши маълум қилинганди. Ушбу рейс парвозлари МАК парвоз жадвалига киритилган бўлиб, уларни сешанба ва шанба кунлари амалга ошириш белгиланган. Чипталар март ойи бошидан буён сотилмоқда.

3 апрель куни ушбу авиарейс йўловчилар камлиги сабаб бекор қилингани маълум бўлди.

Top