2017 йил 3 апрелда Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани бўлиб ўтган ҳақида аввал хабар берилган эди. Унда, агентлик томонидан Кореяда меҳнат қилишни истовчилар учун рўйхатга олиш жараёнида юз берган ва халқ орасида, ижтимоий тармоқларда кенг миқёсда муҳокама қилинган камчиликларга изоҳ берилди. Улар ҳақида аввалги хабарларда батафсил ёзилди.

Анжуманда миграция агентлиги мутасаддилари, фуқароларнинг мурожаатларига жавоб берувчи Call-center маркази вакили ҳам иштирок этди. Матбуот анжуманида юзага келган вазият хусусида ошкора фикр алмашувлар бўлди. ОАВ вакиллари саволларига жавоб берилди. Аммо, миграция агентлиги томонидан берилган жавоблар кишини қониқтирадиган даражада аниқ ва лўнда бўлди, дея олмаймиз. 

Хусусан, тест топширишга саралаш босқичида берилган саволларга тўла жавоб бериши даъвогарнинг Кореяда муваффақиятли ишлаб кетишини қанчалик кафолатлайди, деган савол очиқ қолди. Аниқроғи, тушунарли жавоб берилмади. Яъни, буларнинг барчаси меҳнат миграциясини танлаган кишининг савиясини аниқлаш учун қилингани айтилди. Савия номаълум Аҳмаднинг қачон ўлганига ўхшаш саволлар билан ўлчанадими, деган саволга эса, техник носозлик ва эътиборсизликка йўл қўйилгани важ қилинди. 

Кореяда ишлайдиган одам корейс иш берувчиси билан корейс тилида мулоқот қила олишини аниқлаш учун тарих, ҳуқуқшунослик, география ва бошқа фанлардан саволлар бериш нотўғри эмасми, деб сўралганда Кореяга ишга борувчилар юқори технологияли ускуналарни юритишлари таъкидланди. Шу ўринда, ўша юқори технологияли асбоб-анжомларига доир саволлар нима учун тақдим этилмади, деган савол ҳам очиқ қолди. 

Шу билан бирга, агентлик раҳбарияти ОАВ вакиллари учун доим очиқлигини, ҳар қандай саволлар ва таклифларни ўрганиб чиқишга тайёрликларини билдирди. Жумладан, тестни ташкил этиш, бу жараённи янада ошкора ва шаффоф ўтказиш устида иш олиб борилиши, бироқ бу кейинги рўйхатга олиш жараёнларида амалга оширилиши қайд этилди. Логин-парол билан кириб бўлмаётгани хусусидаги саволга қуйидагича жавоб берилди. Кўпчилик ғаразгўйлар бир паспорт маълумотини бир неча марта киритишган. Ўхшаш исм-шарифлар анкеталар тўлдирилгандан кейин ўтказилган махсус текширувлар жараёнида ўчириб юборилган. Шу сабабли, логин-парол бириккан исм-шарифлар базада бўлмагани сабабли шундай ҳолат кузатилган.