«Миллий тикланиш» партияси расмий сайтида журналист Азамат Зиёнинг Ўзбекистон терма жамоасига бағишланган мақоласи чоп этилди. Қуйида ушбу мақола ўзгаришларсиз эътиборингизга ҳавола этилади.

Барчасига шарҳловчи «айбдор»! Хитой Жанубий Кореяни 1:0 га ютди, хушхабарини бериши билан «ё ўчир, ё бошқа каналга ол, булар одам бўлмайди, барибир ютқазади», деб турганларда ҳам қандайдир умид учқунчалари пайдо бўлди. Ашаддий ишқибоз­лардан то «бор-э, сенларга эссиз вақт», деб кундалик юмушини бажаришга чоғланганлар-у футбол, умуман спортга қизиқиши йўқ эринчоқларнинг ҳам, «ишқилиб терма жамоамиз ютсин-да» орзуси билан яшовчи вафодор ва тинчликсевар хотин-халаж-у кўнглидан «урса, юв-юв бошланиб кетарди» ўғринча хаёлини ўтказган баққолларнинг ҳам, хуллас, барчанинг нигоҳи мўъжизакор ялпоқ кўзгуга тикилди. Тикилган кўзга эса чўп тушади!

Таваккалчилик, тасодиф омиллари муқаррар ҳаётнинг энг серқатнов  сўқмоқларидан бири — футболда бўлгани каби тенг шароит, тенг курашда омад биридан юз ўгириб, иккинчисига кулиб боқди. Буёғи маълум: рақиблар ўзида йўқ хурсанд, биз томонларда эса футбол ўйинидан кейинги «ўйин» бошланди, гина-кудрат, алам-дард, афсус-надомат, ғараз-манфаат, шахсиятчилик-гуруҳбозлик тепкилари чилпарчин қилган кўнгил тошойналарининг сон-саноғи йўқ.

Албатта, булар ярим ҳазил, ярим чин гаплар. Аслида ҳаммасига ўзимиз айбдормиз! Ютиб турса, ўзи тугул бува-бувисигача авлиё, ютқазиб қўйса борми: «ҳаммаси бир тийин».

Футбол табиатан шунақа ҳунарки, ўхшаб турса — маҳорат, санъат, ўхшамаса, падарига минг лаънат. Кези келганда, Месси ҳам танқид-у маломатлар тошбўронида қолганини кўрганмиз. Мўвринйў «Челси»дан ҳайдалади, деб ким ўйлаганди? Улар олдида Одил Аҳмедов, Бабаянга йўл бўлсин. Кимлардир, биздаги футбол савияси Европа, Американинг олди мамлакатлари сингари бўлсайди, бир ютқазиб қолдик, кейинги ўйиндаёқ ўзимизни ўнглаб олишимиз ҳам, жаҳон биринчилигига боришимиз ҳам аниқ, бунга қудратимиз етади, дея стадионни тўлдириб, футболчилар-у мураббийларимиз шаънига далда сўзларни ашула қилиб айтардик, нега тушунмайсиз, таги чатоқ, шунга куйиб кетяпмиз, эътирозини билдиришлари мумкин. Ўшаларга айтар сўзимиз: ҳа, яшанг, ана шу тагини, негизини муҳокама қилайлик, аза тутиш, айбдор қидириш беҳуда!

Мустақилликка эришгач, мамлакатимизда барча соҳада бўлгани каби спорт, хусусан, миллионлар ўйини, сеҳрли ва жозибадор соҳа — футболимизнинг ҳам бағрига шамол тегди, бир сўз билан айтганда, миллий футболимизни яратиш имкони туғилди. Ҳалигача, биров аччиқ устида, биров ўша режим маҳсули, тарафдори сифатида, у даврда бизнинг футбол ундоқ эди, «иттифоқ»да ўз ўрни ва обрўси бор эди, иддаоларини эшитиб қоламиз. Майли, бу ҳам бир фикр. Бироқ, кези келганда шуни ҳам айтиш керакки, у пайтларда бизда тизим маъносидаги футбол эмас, биргина «Пахтакор» жамоаси бўлган ва у бутун республика, жумладан унинг раҳбариятининг дарди, обрўси саналган. Вазифа учта бўлган: олий лигада қолиш, иложи борича юқори ўринни эгаллаш, «Қайрат»дан бир поғона бўлса ҳам олдинда бўлиш! «Ҳамма нарса фронт учун» шиори каби барча имконият «Пахтакор» учун сафарбар этилган. Бошқа республикалардан (ҳозирги тушунчада четдан, «легионер») ўйинчилар, мураббийларни олиб келиш, уларни квартира, автомобил (ГАЗ-24) билан таъминлаш, катта ойлик, ҳурмат-эътибор ва бош­қалар. «Политотдел» колхози – бош ҳомий. На миллий футбол тизими ва инфратузилмамиз бўлган, на миллий биринчилигимиз ҳамда мактабимиз. Жаҳон биринчилиги у ёқда турсин, «суверен республика» ҳисобланиб Осиё биринчилигига бориш тушимизга ҳам кирмасди. Бир-бир ўқиб қолардик: «Пахтакор» Осиёнинг фалон мамлакатининг жамоаси билан икки ўртоқлик учрашувини ўтказди, тамом-вассалом. Телевизор орқали томоша қилиш, ютса олқишлаш, ютқазса, бугунгидек ғалаён қилиш тушунчасининг ўзи тушунчада йўқ эди.