Жамият | 14:10 / 06.04.2017
12242
4 дақиқада ўқилади

Избосканда ечимини кутаётган муаммолар бор

Депутат халқ манфаатларини кўзлаб фаолият олиб бориши бугуннинг долзарб талабидир. Бу эзгу ҳаракат замирида ислоҳотлар самарадорлиги, турмуш фаровонлиги, юрт равнақи мужассам. Ушбу талабдан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари 1 апрелдан 10 кун давомида Андижон вилоятининг Избоскан тумани аҳолиси билан амалий мулоқотлар ўтказиб, уларнинг муаммоларига ечим топишга ҳаракат қилмоқдалар.

“Муаммо бор жойда, албатта, ечим ҳам бўлади”

Тўлқинжон Каримов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси:

-Избоскан туманидаги Узун ва Қум кўчалар, Тошкечик, Гуркиров ва Анорзор маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 52 та хонадондаги мулоқот жараёнида аҳоли томонидан жами 65 та мурожаатлар билдирилди. Мурожаатларнинг аксарияти уй-жой-коммунал, бандлик, пенсия ва нафақа таъминоти, банк-кредит, йўл ва кўприклар қурилиши, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимига оид эканлиги бу борада хали қилиниши лозим бўлган чора-тадбирлар кўплигини билдирмоқда.

Мурожаатларнинг 10 таси маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда ўша жойнинг ўзидаёқ ҳал этилди.

-Биз истиқомат қиладиган ҳудудни суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлашда узилишлар бўлишидан қийналамиз, - дейди Тошкечик маҳалласи,  Мардлар кўчаси, 43-уйда яшовчи Юсуфжон Каримов. – Депутатнинг ташрифи кўнглимиздаги иш бўлди. Мурожаатимиз ўз вақтида ҳал қилинди. Туман газ идораси бош муҳандиси Файзулло Мўйдинов суюлтирилган газ баллонлари таъминотини зиммасига олди.

Анорзор маҳалласи, Ҳурдиёр кўчаси, 124-уйда яшовчи Каримжон Мўминов тадбиркорликнинг паррандачилик йўналишида фаолият бошламоқчи бўлганига анча бўлди. Аммо имтиёзли кредит олиш бўйича турли тўсиқларга дуч келаётганди. Унинг мурожаати депутат ва мутасаддилар томонидан ўрганилди. Масала жойида ҳал этилиб, фуқаро ТИФ “Миллийбанк”нинг туман бўлими билан кредит шартномасини имзолади.

“Мақсадимиз – халқ дарди билан яшаш, оғриқли саволларга жавоб бериш”

Абдуллажон Ҳамроқулов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси:

-Туманнинг Гузар, Истиқлол, Тинчлик, Тўрткўл, Ботиробод маҳалларида 35 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 2009 йилга қадар маиший савдо жойи, яъни бозор бўлган. Бироқ ундан кейин номаълум сабабларга кўра бозор фаолияти тўхтатилган. Ҳудуд аҳолиси учун бозор жуда зарур. Негаки, ушбу маҳаллалар аҳолиси туман марказидаги бозорга бориш учун 7 километр, Наманган вилоятининг Ҳаққулобод тумани бозоригача яна шунча масофани босиб, бозор-ўчар қилиши керак. Ҳатто рўзғор учун жуда зарур маҳсулотни ҳам шунча масофа босиб ё туман марказига ёки қўшни вилоятга боришга тўғри келади. Вақт ҳам, маблағ ҳам сарфланади. Аҳоли вакилларининг ушбу мурожаати ижобий ҳал этилиши таъминланди. Туман ҳокимлиги маиший савдо жойи учун ер ажратилишини зиммасига олди. Тез кунда бозор қайта тикланиб, аҳолининг оғирини енгил қилади.

-Коммунал тўловларни ўз вақтида амалга ошириб келаман, - дейди Тинчлик маҳалласи, Баҳористон кўча, 64-уйда яшовчи Ғуломжон Азизов. – Бу борада муаммога учрамаганман. Аммо нозир сўнгги марта келганида, электрдан 1 млн. 50 минг сўм қарзимиз борлигини айтди. Туман электр таъминоти бўлимига бориб, бу англашилмовчилик хусусида гаплашдим. Улар текшириб, ҳақиқатан ҳам қарздорлигим йўқлигини айтишди. Бироқ ҳалигача қарздорликни олиб ташлашмаяпти. Депутатнинг аралашуви билан муаммоим ҳал этилди.

Муроджон Ҳожибеков олий маълумотли. Тошкент ахборт технологиялари олийгоҳини тамомлаган. Бироқ ҳанузгача ишсиз. Депутат А. Ҳамроқулов фуқаронинг мурожаатини ҳал этишга кўмаклашди.

 Зилола РАҲМОНОВА,
O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати раҳбари.

Мавзуга оид