Ўтган йилнинг сентябрь ойидан бошлаб ўзбек телевидениесида янги хусусий MilliyTV (MTV) телеканали ўз фаолиятини бошлади. Телеканал фаолиятининг илк вақтиданоқ ўзини намоён этди, ўзбек халқининг миллий анъаналарига янгича ёндашув эса каналнинг асосий вазифаларидан бири бўлди.

MilliyTV мусиқий-кўнгилочар ва маърифий канал сифатида барча томошабинлар учун фаолият юритади. Телеканал эфири мусиқий ва кўнгилочар кўрсатувлар, маданий-маърифий дастурлар, болалар учун мўлжалланган лойиҳалар ҳамда миллий ва хорижий бадиий фильмлар, сериаллар, анимацион картиналар (мультфильмлар) билан тўлдирилган.

MilliyTV икки тилда эфирга узатилади, бунда эфирнинг 70 фоизи ўзбек тилига, 30 фоизи эса рус тилига ажратилган. 2017 йилнинг 1 январидан телеканал тўлиқ эфирга ўтди.

Ҳусан Солиҳов, MilliyTV директори:

“MTV бошқа маҳаллий телеканаллардан ўзбек маданиятига ўзига хос бўлган ёндашуви ва қараши билан ажралиб туради. Бугун Ўзбекистон бутун дунёга ўзини намоён этадиган вақт келди, давлатимиз эса замон билан ҳамнафас одимлаётган мамлакатдир. MTV ушбу янгиланишларга бўлган талабни, юксалишни, масъулиятни ҳис қилган ҳолда бу борада бугунги кун талабига жавоб берадиган контент яратмоқда”.

Ҳозирда телеканал эфиридан томошабинларга севимли бўлиб қолган тонгги “Shirchoy” кўрсатуви, ўзбек хонандалари машҳур хит тароналарни жонли ижрода тақдим этадиган “Jonli Ijro” мусиқий лойиҳаси, “Otalar so’zi” маърифий кўрсатуви ҳамда Ўзбекистондаги биринчи кечки кўнгилочар шоу дастури бўлган “MTVShow” жой олган. Ҳар бир кўрсатувларни тайёрлашда иқтидорли телебошловчилар, продюсерлар, режисёрлар, муҳаррирлар ва техник ходимлардан иборат телеканалнинг креатив жамоаси иш олиб борадилар.