Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Кореяда ишлаш истагида бўлган фуқароларни корейс тилидан тест синовида иштирок этиш учун бўлиб ўтган рўйхатга олиш жараёни бўйича шарҳ эълон қилди.
Унда айтилишича, Корея Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларга корейс тилидан тест синовида иштирок этиш учун бўлиб ўтган рўйхатга олиш жараёни бўйича фуқаролардан кўплаб саволлар келиб тушган.
"Корея Республикаси ваколатли идоралари, иш берувчилари юртимиздан бораётган айрим фуқароларнинг билим савияси пастлигидан, шартнома тузилган иш жойидан бошқа жойга сабабсиз кўчиб ўтишидан, нолегал ҳолатга тушишидан норозилик билдирганлар ва бу Ўзбекистон Республикасига ажратиладиган квоталарнинг қисқартирилишига ҳам олиб келди. Бу ҳолатлар бартараф қилинмаган тақдирда квоталарнинг умуман тугатилишига сабаб бўлиши мумкинлигини Корея томони маълум қилган.
Корея Республикасига меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юбориладиган фуқаролар айрим фуқаролар тушунчасидаги "қора ишчи" эмас, балки хизмат кўрсатиш ва сервис ҳамда ишлаб чиқариш йўналишига ишга жойлаштирилади.
Шу сабабли Корея Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларга корейс тилидан тест синовида иштирок этиш учун онлайн рўйхатга олиш жараёни бўлиб ўтди.
Рўйхатга олиш жараёнида фуқароларнинг билим савиясини синовдан ўтказиш учун савол-жавоб тариқасида саволлар берилди", дейилади агентлик шарҳида.
Шарҳда билдирилишича, тузилган саволлар ўрта таълим мактабларининг 7-8-9 синфлари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларга мўлжалланган адабиётларидан олинган.
"Фуқароларнинг кўплаб мурожаатига сабаб бўлган "Ҳалима энам аллалари" шеърий тўплами муаллифи ким? Бу тўплам муаллифи Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф бўлиб, мазкур мавзу 8-синф учун мўлжалланган адабиёт дарслигида келтирилган.
Мўғул хони Хитойда қачон ва қайси сулолага асос солганлиги ҳақидаги савол 7-синф учун мўлжалланган тарих фани мавзусига оиддир.
1934 йилда Тунисда тузилган "Янги дастур" партияси раҳбари аслида қандай касб эгаси бўлган? Бу савол Жаҳон тарихи академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари учун ўқув қўлланмасидан олинган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган. Қўлланма муаллифлари У.Жўраев, М.Лафасов", — дея саволларнинг манбаси келтирилади шарҳда.
Агентликнинг маълум қилишича, фуқаролар томонидан билдирилган "Ер юзида қанча қум зарраси бор?", "Сирдарёда неча хил балиқ тури мавжуд?", "Аҳмад қачон вафот этган?"каби саволлар рўйхатга ўтиш жараёнига қўйилмаган бўлиб, бу саволлар ғаразли мақсадларни кўзловчи айрим нопок шахсларнинг уйдирмалари маҳсули ва Fotoshop дастуридан фойдаланилган ҳолда қалбакилаштирилган.














