Жаҳон | 08:55 / 08.04.2017
6385
2 дақиқада ўқилади

Трамп Оқ уйда ходимларни ўзгартиришни режалаштирмоқда

АҚШ президенти Дональд Трамп яқин орада Оқ уй ходимлари орасида бир қатор ўзгартиришларни амалга оширмоқчи. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри хабар бермоқда.

Нашрнинг ёзишича, Трамп унинг яқин маслаҳатчилари ва ёрдамчилари ўртасида зиддиятлар юзага келаётганидан норозилик билдирмоқда. Маълум қилинишича, ушбу можаролар Суриядаги ихтилоф ортида янада аҳамиятли кўриниш олган.

Трамп, жумладан, Оқ уй ходимлари аппарати раҳбари Райнс Прибэсни ўзгартириши мумкин. Унинг ўрнига Миллий иқтисодий кенгаш директори Гэри Кон келиши мумкин.

Axios нашрининг ёзишича, Прибэс ўрнига, шунингдек, конгрессмен Кевин Маккарти ва таниқли тадбиркорлар Уэйн Берман (Blackstone Group) ва Дэвид Урбан (American Continental Group) келишлари мумкин.

Трамп, шунингдек, ўзининг маслаҳатчиси Стивен Бэннондан кетишини сўраши мумкин. Бэннон Оқ уй ҳузуридаги миллий хавфсизлик кенгаши таркибидан истисно қилинди.

ОАВдаги бу хабарларга Оқ уй матбуот котиби ўринбосари Линдси Уолтерс улар ёлғонлиги ва "АҚШ маъмурияти эришаётган муваффақиятлардан эътиборни чалғитишга қаратилгани" билан жавоб берди. 

Мавзуга оид