10 маротаба бадавлатроқ ва муваффақиятлироқ бўлиш учун 10 марта кўп ишлаш ва ўзингизни ўтга-чўғга уришингиз шарт эмас. Шунчаки "бир фоиз қоидаси"дан фойдаланинг, — дея маслаҳат беради америкалик машҳур блогер Жеймс Клир.

 

Тўпланма устунлик кучи

Ёнма-ён ўсаётган икки дарахтни тасаввур қилинг. Улар ҳар куни намлик ва қуёш нури учун рақобат қилади. Агар дарахтлардан бири салгина тезроқ ўсса ҳам у шеригидан озгина бўлса-да, баландроқ бўлади ва қуёш нурлари ва ёмғирга кўпроқ эга чиқади. Эртаси куни шу қўшимча энергия ҳисобига у янада баландроқ ўсади. Орадан вақт ўтиб, у иккинчи дарахтни соясида қолдиради ва қуёш нурларининг ҳам, тупроқдаги озиқ моддаларининг ҳам катта қисмига эга чиқади.

Бундай дарахт кўпроқ уруғ беради, демак келгусида бу дарахтдан тарқалган ниҳоллар кўпроқ бўлади. Бу жараён такрорланаверади ва энг аввалида рақобатчиларидан озгина яхшироқ бўлган дарахтлар ўрмоннинг катта қисмини эгаллагунга қадар давом этади.

Озгина устунликнинг вақт ўтиши билан кенгайиши ҳодисасини олимлар тўпланма устунлик деб аташади.

 

Ғолиб ҳаммасига эга бўлади

Инсонлар билан ҳам шунга ўхшаш вазият кузатилади. Ўрмондаги дарахтлар сингари биз ҳам кўпинча ўша ресурслар учун курашамиз. Сиёсатдонлар сайловчилар овози учун, ёзувчилар — бестселлерлар рўйхатидаги ўрин учун, спортчилар — олтин медаллар учун, компаниялар — потенциал мижозлар учун, телеканаллар эса бизнинг диққатимиз ва вақтимиз учун.

Унумдорликдаги кичик фарқ унга мутаносиб бўлмаган мукофотга сабаб бўлган бундай эффект "Ғолибнинг ҳаммасига эга бўлиши", деб аталади.

Фақат бир фоиз, бир сония, бир сўм устунликка эга бўлишнинг ўзиёқ мукофотнинг 100 фоизини қўлга киритиш учун етарли бўлади.

Чекланган ресурслар, масалан вақт ва пул билан боғлиқ ҳар қандай қарорлар, табиий равишда ғолибнинг ҳамма нарсани қўлга киритишига сабаб бўлувчи вазиятга олиб келади.