Ўзбекистонда 2017 йил 1 октябрдан бошлаб миллий ҳайдовчилик ва автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналари берилиши йўлга қўйилади.
“Оила даврасида” нашри мухбири шу масалага оид қатор саволларига жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи полковник Холматжон Сайдалиевга мурожаат этди.
Сайдалиевнинг қайд этишича, янги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини жорий этишдан мақсад - мамлакатимизда 1968 йил 8 ноябрда қабул қилинган Йўл ҳаракати тўғрисидаги Вена конвенцияси тавсияларига мувофиқлигини таъминлаш, миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномаларни ҳисобга олиш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни самарали ташкил қилишдир.
"Миллий гувоҳномалар қандай кўринишда бўлади? Ҳозирги — амалдагисидан нимаси билан фарқ қилади?", деган саволларга эса шундай жавоб қайтарилди: “Бу гувоҳномалар махсус ҳимоя қатламларига эга. Унда конвенция талабларида белгиланган мажбурий маълумотлар лотин алифбосида, ўзбек тилида ёзилган. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси пластикдан тайёрланиб, ўлчами 54х86 миллиметрни ташкил этади. Унда Ўзбекистон Республикасининг номи давлат тилида, рус ва инглиз тилларида ёзилган. У қалбакилаштиришдан ҳимоя қилувчи мустаҳкам ва мукаммал ҳимоя воситаларига эга.
Маълумки, эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасида А, В, С, Д ва Е тоифалари акс эттирилган эди. Янги нусхадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасида бунга бироз ўзгартириш киритилди. Эндиликда ҳайдовчилик гувоҳномасида А, В, С, Д, ВЕ, СЕ ва ДЕ тоифалари акс эттирилади. Бунда А — мототранспорт воситаларини бошқаришга, В — А тоифасига кирмайдиган, тўла вазни 3,5 тоннагача бўлган ва ҳайдовчи ўрнидан ташқари ўриндиғи 8 тадан ошмайдиган автомобилларни бошқаришга, С — Д тоифасига кирмайдиган, тўла вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларини бошқаришга, Д — йўловчи ташишга мўлжалланган, ҳайдовчи ўрнидан ташқари ўриндиғи 8 тадан ортиқ автомобилларни бошқаришга ва Е — тиркамали транспорт воситаларини бошқаришга рухсат берарди.
Янги нусхадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасида Е тоифаси учга бўлинди. Бунда ВЕ — А тоифасига кирмайдиган, тўла вазни 3,5 тоннагача бўлган ва ҳайдовчи ўрнидан ташқари ўриндиғи 8 тадан ошмайдиган автомобилларни тиркама билан бошқаришга, СЕ — Д тоифасига кирмайдиган, тўла вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларини тиркама билан бошқаришга, ДЕ — йўловчи ташишга мўлжалланган, ҳайдовчи ўрнидан ташқари ўриндиғи 8 тадан ортиқ автомобилларни тиркама билан бошқаришга рухсат берилишини билдиради”.

















