Дарслик яратиш масъулиятли ва мураккаб вазифа. Уни яратишда олимона фикрлар билан бирга педагогик маҳорат, методист қараши ҳам жуда-жуда зарур. Узлуксиз таълим тизими учун яратилган дарсликлар бири-иккинчисини такрорламаслиги, аксинча мазмунан тўлдириши, ўқувчи билимини босқичма-босқич юксалтиришга хизмат қилиши лозим. Шу нуқтаи назардан умумтаълим мактаблари учун яратилган “Адабиёт” дарсликларини таҳлилқилишда давом этсак... (дастлабки 5-синф “Адабиёт” дарслиги таҳлилига бағишланган мақола “Даракчи” газетасининг 2017 йил 27 апрель сонида босилиб чиққан. Ушбу мақолани таълим тизими ва ўқитувчи-мураббийлар нашри бўлган “Маърифат” газетаси саҳифаларида кўришни орзу қилган эдик. Мақола таҳририят столида бир неча ой навбатини кутди, лекин чоп этилмади).

Айрим дарсликлар аввалида Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси берилиши одатий тусга кирган. 5-синф “Адабиёт” дарслигида мадҳия берилмагани ҳолда 6-8-синф дарсликларида мавжуд. 7-9-синф дарсликларида эса берилмаган. Бизнингча, давлат мадҳияси ёки ҳар бир синф дарслигида берилиши керак ёки фақат 5-синфда бериш билан кифояланиш керак. 

2013 йил “Маънавият” нашриётида чоп этилган С.Аҳмедов, Р.Қўчқоров, Ш.Ризаев ҳаммуаллифлигидаги умумий ўрта таълим мактабларининг 6-синфи учун “Адабиёт” дарслик-мажмуасини варақлар эканмиз, беш саҳифадан иборат кириш қисми бу ёшдаги ўқувчи учун кўплик қилмасмикан, деган мулоҳазага бордик. 

5-синф “Адабиёт” дарслигига киритилган ёзувчи ёки шоир ижоди 6-синфда давом эттирилса, аввалги синфда берилган маълумотлар тўлдирилиши, бойитилиши лозим. Афсуски, 6-синф дарслигидаги айрим  ижодкорларнинг таржимаи ҳоли айнан такрорланган ёки янги маълумотлар билан бойитилмаган. Ҳатто айрим ўринларда салмоқли ҳажмдаги матнлар, адиб ҳаёти ва ижоди юзасидан берилаётган савол-топшириқлар ҳам ҳеч бир ўзгаришсиз кейинги синф дарслигига кўчиб ўтган. Буни Муқимий, Ҳамид Олимжон, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов таржимаи ҳоли мисолида кузатиш мумкин. Фикримизнинг исботи учун бир-иккита мисол келтирамиз: “Муҳаммад Аминхўжа Мирзахўжа ўғли Муқимий 1850-йилда Қўқон шаҳрида Беквачча маҳалласида новвой оиласида туғилган. 

Муқимий дастлаб ўз маҳалласида мулла Абдуҳалил мактабида таҳсил  олади. Шоирнинг илм ўрганиши ва бадиий ижодга эрта қизиқишида унинг волидаси, қобилиятли аёл Ойшабиби айтиб берган кўплаб эртак ва қўшиқларнинг таъсири кучли бўлган. Муқимий дастлаб Қўқондаги “Ҳоким ойим” мадрасасида  таълим олади. 1872-1873 йилларда Бухорога бориб, у ердаги “Меҳтар анбар” мадрасасида ўқишни давом эттиради. 1876 йилда ўқишни тамомлаб, Қўқонга қайтади. Уйланади. Шоир дастлаб ер қурилиши  маҳкамасида мирзалик, сўнгра Сирдарё ёқасида жойлашган Оқжардаги паромда паттачилик қилади...“ (1-қисм, 91-92-бетлар).