Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мажлисда ШҲТга аъзо давлатлар – Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, шунингдек, кузатувчи мақомига эга давлатлар – Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Афғонистон ва Беларуснинг етакчи тадқиқот марказлари экспертлари, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси ва Котибияти, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари иштирок этмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўтган йиллардаги фаолияти давомида нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар қаторидан муносиб ўрин эгаллади. Бугунги давлатлараро муносабатлар тизимида хавфсизлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш, ўзаро манфаатли соҳаларда турли лойиҳаларни амалга оширишда самарали механизмга айланди. Ташкилот жаҳон ҳамжамияти эътиборини бутун дунёга жиддий хавф солаётган терроризм, экстремизм ва наркотрафикка қарши курашиш масалаларига қаратмоқда. 

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Форуми аъзо давлатларнинг илмий-тадқиқот ва сиёсий марказлари фаолиятига кўмаклашиш ва илмий қўллаб-қувватлаш, улар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, ШҲТ фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида унинг фаолиятига доир айрим масалалар бўйича тадқиқотлар ўтказиш, таҳлилий ва прогноз материаллар, тавсиялар тайёрлаш учун кўп томонлама мустақил ижтимоий маслаҳат-эксперт механизми ҳисобланади. 

Форум мажлисининг дастлабки кунида ШҲТ ташкил топганининг 15 йиллиги муносабати билан 2016 йил июнь ойида Тошкентда ўтган Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлиси якунлари муҳокама этилмоқда. Ўзбекистоннинг 2015-2016 йилларда ташкилотга раислиги даврида ШҲТ фаолиятининг самарадорлиги ва халқаро нуфузини ошириш борасида кенг кўламли ишлар бажарилгани таъкидланди. Ўтган йилги саммитда имзоланган ҳужжатлар ташкилотнинг устувор йўналишлардаги фаолиятини янада мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга доир амалий вазифаларни ҳал этишга хизмат қилмоқда. 

ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида муҳим ҳужжат – ШҲТнинг 15 йиллик фаолияти якунлари ва истиқболда уни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари акс эттирилган Тошкент декларацияси қабул қилинганини таъкидлаш жоиз. Ташкилотни кенгайтиришга қарор қилингани эса саммитнинг яна бир муҳим масаласи бўлди. Давлат раҳбарларининг учрашуви якуни бўйича Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумлар ҳам имзоланган эди.