Юртимиз кўчалари бўйлаб ҳаракатланаётган автомобиллардаги байроғимиз тасвири туширилган тасмаларни кўрдингизми? “9 май — Хотира ва Қадрлаш куни” деган ёпишқоқ этикетларни олгандирсиз?! 

Бу шу кунларда юртимиз бўйлаб кенг нишонланган ва шукуҳи  ҳали ҳам давом этаётган байрам кайфиятидан бир лавҳа. Очиғи, бу йилги байрам ўзгача бўлди. Бундай кўтаринкилик қутлуғ санага тайёргарлик кўришдан бошланиб, Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги сўлим гўшада ташкил этилган маърифий дастурда ҳам яққол акс этди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида амалга тоширилган ишлар каттаю-кичикни тўлқинлантириб юборди. Тасаввур қилинг: ушбу ҳужжатлар ижроси юзасидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳар бирига Президентимиз табриги, 2 миллион сўмдан пул мукофоти, навбатсиз машина олиш учун сертификат топширилди, эҳтиёжмандларга уй берилди...

Айём арафасида интернет тармоғи орқали Хотира ва Қадрлаш кунини янада кенг тарғиб этиш, унинг тадбирлари ҳақида нафақат юртдошларимиз, балки чет элликларни ҳам яқинроқ таништириш мақсадида “#Xotirauz” акцияси кенг ўтказилди. Бир неча кун мобайнида ушбу хештэг ёрдамида ижтимоий тармоқларни юртимиздаги 9 май санаси билан боғлиқ турли тадбирлар қамраб олди. 

Ўзбекистон иқтидорли ёшларга бой мамлакат саналади. Бугун йигит-қизларимиз ўз билимларини кучайтириш мақсадида нафақат юртимиз, шунингдек, хорижнинг турли давлатларидаги олий ўқув юртларида ҳам таҳсил олишаяпти. Эътиборолиси, бу навқирон авлод вакилларининг аксарияти ўзи ўқиётган мамлакатда Хотира ва Қадрлаш кунини фаол тарғиб этишди. Масалан, Хитойнинг Zhejiang Normal University талабаси Достон Эрматовни олайлик. У Хотира ва Қадрлаш куни тасвири акс этган лавҳани ўқитувчи ва дўстлари билан бирга тарғиб қилиб, фэйсбук ижтимоий тармоғида сурати ва дил сўзлари билан эълон қилди.

— Тинч ва осойишта юртда туғилганимдан жуда ҳам фахрланаман, — деб ёзади Достонбек.  — Ота-боболаримиз юрт тинчлиги учун жонини фидо қилишган. Биз, ёшлар уларни ҳар доим эслаб юришимиз, кексаларни йўқлаб, кўтаринки кайфият ва қувонч улашиб, уларнинг дуосини олишимиз керак. Ахир, қарияларнинг дуосида хислат кўп. Ўқишларими аъло даражага тугатиб, она юртимга беминнат ўз ҳиссамни қўшишга ваъда бераман.

Токио жаҳон тиллари университети талабаси Гулжаҳон Назарова эса Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан юртимизда ўтказилган тадбирларни япониялик дугоналарига ҳам фахр билан айтиб берди. У ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида, жумладан, шундай дейди: