14 май куни Хитой пойтахти Пекин шаҳрида «Бир макон, бир йўл» юқори даражали халқаро ҳамкорлик форуми иш бошлайди. ХХР раиси Си Цзинпинг форумда иштирок этади ва айлана стол атрофида турли давлатлар етакчилари билан йиғилиш ўтказади. Бу ўтган йилнинг сентябрь ойида Ҳангжоу шаҳрида ўтказилган «Йигирмалик» саммитидан сўнг Хитой томонидан ўз ҳудудида ташкиллаштирилаётган яна бир муҳим халқаро тадбир ҳисобланади. Бундан ташқари, «Бир камар, бир йўл»ни қуриш лойиҳасини янада олға силжитиш ҳамда ҳамкорлик масаласида Хитойнинг дунёнинг бошқа давлатлари билан музокаралар ўтказиши учун бу жуда муҳим платформа ҳисобланади.
Шу мақсадда Хитой ахборот интернет-маркази Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тарих Институти «Замонавий тарих ва халқаро тадқиқотлар» бўлишими раҳбари, тарих фанлари доктори Мирзоҳид Раҳимовдан махсус интервью олди.
— 2013 йилда Марказий Осиёга ташрифи чоғида ХХР раиси Си Цзинпинг «Ипак йўли иқтисодий камари»ни барпо этиш ташаббусини билдирган эди. Шундан бери уч йил ўтди. Бу ташаббусининг аҳамиятини қандай тушунишингизни ҳикоя қилиб бера оласизми?
— 2013 йилда минтақамизга ташрифи чоғида Хитой раиси Си Цзинпинг «Ипак йўли иқтисодий камари» ғоясини очиқлаган ва бу минтақа давлатлари томонидан катта қизиқиш билан қўллаб-қувватланган эди. Орадан кўп ўтмай, ХХРда «Бир макон, бир йўл» концепцияси ишлаб чиқилди. Ўтган уч йил мобайнида иқтисодий ҳамкорлик доирасида бир қатор лойиҳалар амалга оширилди, янги транспорт магистраллари ишга туширилди. Назаримда, «Бир макон, бир йўл» ташаббуси ХХРнинг жаҳоннинг турли минтақалари билан кенг ҳамкорлик қилишни ривожлантириш йўлидаги улуғвор лойиҳаси ҳисобланади.
— «Бир макон, бир йўл» ташаббуси эълон қилинганидан буён 3 йил вақт ўтди. У ҳақидаги таассуротларингиз қандай?
— Қайд этиш жоизки, «Бир макон, бир йўл» концепциясига жаҳоннинг турли давлатларида турлича қарашлар мавжуд. Бироқ ҳажми 100 млрд. доллардан иборат бўлган Осиё инфраструктуравий инвестициялар банки ва устав жамғармаси 40 млрд. доллардан иборат бўлган Ипак йўли Фондининг тузилиши бу ташаббусининг фаол амалиётга жорий этилаётганидан дарак бериб турибди. Келажакда халқаро ва минтақавий интеграцион лойиҳаларни амалга ошириш учун биргаликдаги ҳаракатларни яхлитлаштириш мақсадга мувофиқ. Айни пайтда «Бир макон, бир йўл» ташаббуси олдида муайян мақсад ва вазифалар, уларга эришиш йўлларини ҳар томонлама аниқлаштириб олиш зарурияти турибди.
— ХХР раиси Си Цзинпинг «Ипак йўли иқтисодий камари»ни қуриш ташаббуси билан чиққач, Ўзбекистон унга фаол муносабатда бўлган биринчи давлатлардан бири бўлди. «Ипак йўли иқтисодий камари» доирасида икки давлат ўртасидаги турли соҳаларда рўй бераётган ҳамкорликни қандай баҳолайсиз?
















