Жаҳон | 18:08 / 13.05.2017
11302
1 дақиқада ўқилади

Мирзиёев Хитой Бош вазири билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Давлат Кенгаши Бош вазири Ли Кэцян билан учрашди, деб хабар бермоқда ЎзА. 

Бош вазир Ўзбекистон Президентининг ташрифи икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди. 

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Хитой билан дўстлик алоқаларини қадрлашини, икки мамлакатнинг ўзаро ҳамкорлиги изчил ривожланиб бораётгани халқларимиз манфаатларига мос эканини таъкидлади. 

Давлат раҳбарининг Хитойга давлат ташрифи давомида 100 дан ортиқ ҳужжат имзоланди. Бу кўп йиллик савдо-иқтисодий муносабатлар, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида барча соҳалардаги алоқалар янги босқичга кўтарилганидан далолат беради. 

Ташриф давомидаги учрашувлар кўп қиррали муносабатлар кўламини кенгайтириш, ўзаро алоқаларнинг ҳозирги ҳолатини ҳар томонлама таҳлил этиш ва истиқболли йўналишларини белгилаб олиш учун қулай имконият яратди.  
 

Мавзуга оид