Ёш йигит, миллати ўзбек ёки тожик, маълумоти ўрта, қурилишда ишлайди — тадқиқотлар меҳнат мигрантининг портретини ана шундай тасвирлайди. Яқин йиллар ичида эса Россия бундай инсонларсиз яшай олмайди, деб ҳисоблайди РФ президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси ижтимоий таҳлил ва прогнозлаш институти катта илмий ходими, географ ва демограф Юлия Флоринская.
Мигрант портрети
Ўн ҳолатдан еттитасида меҳнат мигранти Марказий Осиёдан — Ўзбекистон, Тожикистон ёки Қирғизистондан Россияга келган бўлиб чиқади. Танланма сўровларга кўра, уларнинг орасида маҳаллий миллат вакиллари кўпчиликни ташкил этади ва рус миллатига мансублар 10 фоиздан кам.
Мигрантларнинг аксарияти — эркак. Расмий статистикага кўра, 2015 йилда аёллар улуши 20 фоиз атрофида бўлган. Бироқ, кўплаб тадқиқотчилар фикрича, ноқонуний мигрантлар ҳисобга олинса, уларнинг сони кўпроқ ва сўнгги йилларда 30–35 фоизга етмоқда. Расмий статистиканинг аёлларни ҳисобга олмаслиги уларнинг ишга жойлашиш хусусияти билан боғлиқ — аёллар кўпинча расмий қайддан ўтмасдан ноформал секторда, масалан, одамларнинг уйида иш олиб боришади (чунки полициячилар уларни кўп ҳам текшириб ўтиришмайди).
Меҳнат мигрантлари борган сари ёшармоқда: агар 2000 йилда 18–29 ёшли инсонларнинг улуши чорак қисмга тенг бўлган бўлса, 2015 йилга келиб улар 45 фоизни ташкил этишмоқда.
Хорижий ишчилар кўп таълим олишмаган — уларнинг 40 фоизи касбий таълимни ўқишмаган (на олий, на ўрта махсус). Россияга кўпинча унчалик катта бўлмаган шаҳарча ва қишлоқлардан одамлар келишади (оқимнинг ярмисидан тўртдан уч қисмигача). Ишлаш учун оилавий келаётган мигрантларнинг сони ҳам бирмунча ошган: масалан, уларнинг учдан бир қисми ўзи билан эри ёки хотинини ҳам қўшиб олиб келишади (аёллар ўртасида эри билан бирга келганлар 50 фоиздан кўпроқ); фарзандларини оилаларнинг фақат 10 фоизи олиб келишади. Фарзандлари билан келганларнинг аксарияти — 80 фоизи тўлиқ оилалардир, улар яхши таъминланган, таълим олишган, рус тилини яхши билишади ва Россияга бутунлай яшаш учун кўчиб ўтишни мақсад қилишган.
Мигрантлар рус тилини яхши ўзлаштиришмаган, бироқ бу борада ҳозирча фалокат кузатилаётгани йўқ. Уларнинг 20 фоизи рус тилини жуда ёмон билишади ёки умуман билишмайди, Россияда ўз она тилида гаплашади, иш вақтида сўзлашувда қийинчиликларга дуч келади. Мигрантларнинг учдан бири дўкон, дорихоналарга борганда тил муаммосига дучор бўлишади; тенг ярми ҳужжатларни тўлдиришда қийинчиликларга дуч келишади. Лекин рус тилини ўзлаштириш учун асосий канал барибир иш жойи ҳисобланади — мигрантларнинг аксарияти ишда барибир русча муомала қилишади.

















