DW хабарига кўра, Прокудин бу ҳақда 29 сентябр куни Telegram-каналида маълум қилган.
Унинг айтишича, қайтарилганлар орасида Россия ҳарбийлари ҳарбий ҳисобга туришга мажбурлаган 16 ёшли ўсмир ҳам бор. Шунингдек, хавф-хатарларга қарамай, украин таълимини олишга интилган 17 ёшли қиз ҳам Украина назоратидаги ҳудудга олиб чиқилган.
Болалар Украина президенти Володимир Зеленскийнинг Bring Kids Back UA ташаббуси доирасида, Save Ukraine хайрия ташкилоти кўмагида қайтарилган.
Прокудиннинг маълум қилишича, 2026 йил бошидан буён Херсон вилоятининг босиб олинган ҳудудларидан жами 204 бола Украина назоратидаги ҳудудга олиб чиқилган.
Украина расмийлари маълумотига кўра, апрел ойи охири ҳолатида украин болаларини Россияга депортация қилиш ёки мажбуран кўчириш билан боғлиқ 20 570 дан ортиқ ҳолат тасдиқланган.
Ўша пайтгача 2126 болани қайтаришга муваффақ бўлинган. Бу рақамга Россияга мажбуран олиб кетилганлар, вақтинча босиб олинган ҳудудлар ичида кўчирилганлар, шунингдек, бошқа жойга кўчирилмаган, аммо Россиянинг «қайта тарбиялаш» амалиётига дучор бўлган болалар ҳам киритилган.
DW қайд этишича, БМТнинг мустақил халқаро комиссияси украин болаларининг ноқонуний депортация қилиниши ва уларнинг Россияда узоқ муддат қолиши учун шароит яратилишини инсониятга қарши жиноятлар деб баҳолаган.
2023 йил мартида Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди Украина босиб олинган ҳудудларидан болаларни ноқонуний депортация қилиш ва кўчириш билан боғлиқ ҳарбий жиноятларда гумон қилиб, Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берган. Россия президенти ҳузуридаги болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Лвова-Беловага нисбатан ҳам шундай ордер чиқарилган.
28 сентябр куни Европа Иттифоқи украин болаларининг Россияга ноқонуний депортация қилиниши муносабати билан 10 жисмоний ва 17 юридик шахсга санкция жорий этган. Чекловлар болаларни мажбуран кўчириш ва ассимиляция қилиш, жумладан, мафкуравий таъсир ўтказиш ҳамда ҳарбийлаштиришга масъул деб кўрсатилган шахс ва ташкилотларга қаратилган.


















