Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи давомида умумий қиймати 23 миллиард доллардан зиёдни ташкил этган 100 дан ортиқ ҳужжатлар имзоланди.

Азим Аҳмадхўжаев, Ўзбекистон Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси:

– Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Ўзаро манфаатли алоқаларни барча соҳаларда кўриш мумкин. Хитой Ўзбекистон иқтисодиётига катта миқдорда инвестиция киритаётган давлатлардан бири. Мамлакатимизда Хитой капитали иштирокидаги 700 дан зиёд компания ва корхона фаолият кўрсатмоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш йил сайин ўсиб бормоқда. 2016 йил якунлари бўйича ўзаро савдо айланмаси ҳажми 4,2 миллиард долларни ташкил қилди.

Яна бир муҳим жиҳатни алоҳида таъкидлаш лозим. Одатда мамлакатга инвестиция жалб қилишда иккита муҳим кўрсаткич бўлади: кредитлар ва тўғридан-тўғри сармоялар. Президентимизнинг Хитойга давлат ташрифи давомида Хитойнинг турли банк ва компаниялари билан тўғридан-тўғри сармоя киритиш бўйича йирик келишувларга эришилди.

Пахтани чуқур қайта ишлаш, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги ва фармацевтика соҳаларида ишлар бошлаб юборилди. Хитойнинг йирик компаниялари Ўзбекистонда дори воситалари ишлаб чиқаришга ҳам қизиқиш билдирди. Келгусида бу йўналишда ҳам янги келишувларга эришамиз.

Ҳусниддин Ҳосилов, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бош менежери – бош муҳандиси:

– Темир йўл транспорти иқтисодиётнинг асосий қон томири ҳисобланади. Ўзбекистон темир йўллари трансминтақавий транспорт коридорларининг муҳим бўғини сифатида халқаро темир йўллар ташуви тизимида муносиб мавқега эга. Зеро, мамлакатимиз магистраль темир йўл тармоқлари Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолни бирлаштирадиган катта салоҳиятга эга.

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида барча соҳалар қатори транспорт коммуникациялари йўналишидаги ҳамкорлик ҳам юксак суръатлар билан ривожланмоқда. Хитойда ишлаб чиқарилган юқори техник кўрсаткичлар ва қатор афзалликларга эга, замонавий ва юксак самарали электровозларнинг мамлакатимизга етказиб берилгани ўзаро манфаатли ҳамкорликка ёрқин мисол бўла олади.

Ўзбекистон билан Хитой ўртасида энг қисқа темир йўл тармоғини барпо этиш ўзаро иқтисодий ва транспорт соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб стратегик йўналишларидандир. Бу Хитойнинг Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларига чиқишини таъминлайди. Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўлининг барпо этилгани бу борадаги ҳамкорликнинг ёрқин ифодасидир. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва Хитойнинг China Railway Tunnel Group компанияси ҳамкорлигида бунёд этилган Қамчиқ туннели энг қисқа вақтда қуриб битказилган ана шундай лойиҳа сифатида тарихга кирди.