Президент Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида «Янги Ўзбекистон» университетига ташриф буюриб, таълим соҳасидаги ислоҳотлар ва келгусидаги режаларга бағишланган кўргазма билан танишди.

Давлат раҳбари дастлаб мамлакатда таълимнинг узвийлигини таъминлаш борасидаги ишлар, эришилган натижалар ва келгуси режалар тақдимотини кўздан кечирди. «Мактабгача таълим», «Мактаб таълими», «Иқтидорли мактаб ўқувчилари», «Профессионал таълим» ва «Олий таълим» павилёнларида боланинг илк ёшидан касб эгаллашига қадар бўлган таълим босқичларидаги ислоҳотлар намойиш этилган.

Мамлакат етакчиси университетнинг ўқув ва илмий инфратузилмаси билан танишди. «Келажак муҳандислари» майдони, Bloomberg лабораторияси, физика ўқув лабораторияси, муҳандислик фанлари ўқув зали ва Apple Training Center ўқув марказида талабалар учун яратилган имкониятлар ҳақида ахборот берилди.

photo_2026-09-30_12-27-59 (3)
photo_2026-09-30_12-27-59 (4)

Шунингдек, Idrock сунъий интеллект кластери, биотехнология ва биоинформатика лабораторияси, материалшунослик, лазер ва нанотехнологиялар ҳамда ADM машинасозлик лабораторияларининг фаолияти намойиш этилди. Бу майдонлар талабаларнинг назарий билимини амалий машғулотлар, тадқиқот ва лойиҳалар билан боғлашга хизмат қилади.

photo_2026-09-30_12-27-59 (2)

Давлат раҳбари университетнинг профессор-ўқитувчилари ва талабалари, халқаро таълим дастурларини жорий этиш бўйича хорижлик ҳамкорлари билан суҳбатлашди.

photo_2026-09-30_12-27-59

Учрашувда ўзбек шахматчиларининг кечаги ғалабаларида устозларнинг ҳам катта ҳиссаси борлигини таъкидлади.

«Шахматда бизнинг қаҳрамонларимиз нимага натижа қилди, деган саволга ҳам жавоб битта. Муаллимларнинг қилган меҳнати кечаги ғалабаларимизга олиб келди десак, бу ҳам адолатдан бўлади.

Сизлар ҳал қилувчи кучсизлар. Сизлар Ўзбекистонимизнинг буюк келажаги пойдеворини қўйяпсизлар десам, бу ҳам адолатдан бўлади. Ўн марта қайтаришдан чарчамайман: тақдиримизни фақат муаллим ҳал қилади», – деди президент.