Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон президентлари ўтган ҳафта дам олиш кунлари Пекин шаҳрида бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл” халқаро форумида иштирок этишди. Форум майдони Ўзбекистон ва Қирғизистон учун узоқ вақтдан бери бир жойдан силжимаётган “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қурилиши ва унинг “Бир макон, бир йўл” ташаббусига қўшилишини муҳокама қилиш учун қулай имконият тақдим этди. Мазкур ташаббуснинг узоқ истиқболдаги устунликлари ва минтақага киритиладиган инвестициялар борасида Қозоғистон учун долзарб бўлган масалалар кун тартибига чиқмади, деб ёзади The Diplomat журнали What's Next for the Belt and Road in Central Asia? – “Бир макон, бир йўл” ташаббусини Марказий Осиёда нима кутмоқда? номли мақоласида. 

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг турли соҳалар бўйича 23 млрд долларлик шартномалар имзоланган Хитойга уюштирган илк давлат ташрифида, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси ва унда Марказий Осиёнинг тутган ўрин борасида ажойиб фикрларни билдирди. “Мен ишонаманки, бугунги кунда дунё аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини қамраб олувчи ушбу йирик миқёсли лойиҳани амалга ошириш мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида тинчлик, фаравонлик, тараққиёт, ҳамкорлик ва дўстликни ривожлантиришга омил бўлувчи ягона маконни шакллантиришга ҳисса қўшади”, - деди Мирзиёев.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев ҳам минтақада янги имкониятларни очаётган “Бир макон, бир йўл” ташаббусига юқори баҳо берди. У Хитойдан Европага чўзилувчи шиша толали линияларнинг Қирғизистон орқали ўтиши муҳимлиги, электрон тижорат ва логистика марказлари барпо этилишини қайд этар экан, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўл линияси кўп имкониятларга йўл очишини билдирди. 

Мирзиёев, ўз навбатида, бу боради фикр юритиб, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўл тармоғи (Афғонистон билан бирга) Покистон ва Эрондаги портларга чиқиш имконини берувчи “Бир макон, бир йўл” дастурига қўшилишига умид билдирди. Ўзбекистон раҳбари, шунингдек, ўзаро боғланган саноат технопарклари, илмий ва инновация кластерлари ва Ипак йўли иқтисодий ҳудуди бўйлаб эркин иқтисодий зоналарни барпо этиш умумий устувор вазифалар бўлиши кераклигини таъкидлади. 

Қозоғистон етакчиси эса, ҳамкорлик соҳалари сифатида технологик, илмий ҳамда қишлоқ хўжалигини кўрсатди.
 
Тошкент ва Бишкек “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлининг “Бир макон, бир йўл” тизимига қўшилишидан умид қилмоқда. Эътиборли жиҳати, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли лойиҳаси “Бир макон, бир йўл” ташаббусидан аввалроқ илгари сурилган эди. Хитой ташаббуси, шубҳасиз, аввал мавжуд лойиҳаларни ҳам ўз ичига олади. Аммо, қайд этиш ўринлики, биринчидан мазкур темир йўлни қуришга туртки Пекиннинг янги ташаббуси билан боғлиқ эмас, иккинчидан бир неча йиллардан бери бу лойиҳа амалга оширилмаяпти.