Бундан икки ой муқаддам Кун.uz сайтида «Жамият» газетасида чоп этилган «Нотариал идорадаги найранглар» номли мақола эълон қилинган эди. Мақолада бугунги кунда давлат нотариал идораларида илдиз отган долзарб муаммолар қаламга олинганини ўқувчиларимиз яхши эслашса керак.

Бугунга қадар қарийб тўқсон минг маротаба ўқилган мазкур мақола ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди, юртдошларимиздан бу борада кўплаб мурожаатлар олдик. Ижтимоий тармоқларда билдирилган фикрлар мақолада ёритилган муаммога жуда кўпчилик дуч келганини кўрсатди.

Бироқ «Жамият» газетасининг бош муҳаррири Беҳзод Шукуров фейсбукдаги саҳифасида маълум қилишича, мақолада кўтарилган муаммони Адлия вазирлиги тан олмаган. Шунинг баробарида вазирлик 2016 йил давомида Тошкент шаҳридаги давлат нотариал идоралари ходимларининг 51 нафарига нисбатан ҳайфсан ва жарима тариқасидаги интизомий жазо чоралари қўлланилгани ҳамда 5 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилганини ошкор қилган. Аммо жазога нима сабаб бўлгани очиқланмаган. Газетанинг 5 майдаги сонида «Нотариал идорадаги найранглар» сарлавҳали мақолага Адлия вазирлигининг жавобини ва «Жамият» газетаси таҳририятининг унга муносабати эълон қилинган. Қуйида вазирлик эътирози ва таҳририятнинг бунга билдирган жавобини тўлиқ ўқишингиз мумкин.
-----------------------------------
«Нотариал идорадаги найранглар» сарлавҳали мақолага («Жамият» 2017 йил 10 март) Адлия вазирлигининг жавоби
«Жамият» газетасининг 2017 йил 10 март кунги 10-(542)-сонида «Нотариал идорадаги найранглар» сарлавҳали мақола чоп этилган. Ушбу мақолада Тошкент шаҳар Олмазор туман 11-сон давлат нотариал идора ходимлари томонидан 2016 йил 19 октябрда айрим фуқаролардан кўчмас мулкни ижарага бериш ва текин фойдаланиш шартномаларини тасдиқлашда ортиқча пул маблағлари олиб қолинганлиги тилга олинган.

Мазкур ҳолат Адлия вазирлиги ходимлари томонидан Олмазор туман 11-сон давлат нотариал идорасида 2016 йилнинг 19 октябр куни расмийлаштирилган квартирани ижарага бериш ҳамда ундан текин фойдаланиш шартномалари иштирокчиларининг фикр ва мулоҳазалари асосида ўрганилганда, улар томонидан ушбу давлат нотариал идорасида шартномалар қонуний тасдиқланганлиги ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган ставкалар бўйича тўловлар ундирилганлиги маълум қилинди.

Мақола муаллифи Ж.Ниёзов иштирокида турар жойдан текин фойдаланиш шартномасини расмийлаштиришда мақолада кўрсатилгандай 22466,25 сўм эмас, 29955 сўм, яъни шартнома учун 22466,25 сўм ва мулкдорнинг турмуш ўртоғи розилик аризасини тасдиқлаганлик учун 7488,75 сўм миқдордаги тўловлар ундирилган. Бу эса Ж.Ниёзов томонидан чоп этилган мақолада кўрсатилган фактлар асоссиз маълумотларга таянган ҳолда ёзилганлигидан далолат беради.