Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга амалий ташрифи давомида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган истиқболли келишувларга эришилди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Икки мамлакат вазирлик ва идоралари ўртасида нефть-газ, энергетика, фан-таълим, экология, транспорт-логистика, туризм ва спорт соҳаларидаги алоқаларни изчил ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди.
Танзила Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси:
– Бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистон – Туркманистон муносабатларига доир кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди. Мулоқотлар якунида имзоланган ҳужжатлар ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга, халқларимиз манфаатига хизмат қилади.
Мамлакатларимиз сайёҳлик соҳасида улкан имкониятларга эга экани таъкидланди. Ўзбекистонга келган сайёҳ Туркманистон, Туркманистонга борган сайёҳ Ўзбекистон орқали кетишини йўлга қўйиш икки томон учун ҳам манфаатлидир.
Икки давлат Президентларининг май ойи бошида бўлган телефон орқали мулоқотида Туркманистон Президенти давлатимиз раҳбарига Каспий денгизи соҳилидаги болалар соғломлаштириш марказлари ўзбекистонлик болаларни қабул қилишга тайёр эканини билдирган эди. Ана шу таклифга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларидан 100 нафар бола “Даянч” болалар соғломлаштириш марказида дам олмоқда.
“Аваза”да ёшлар учун саёҳатлар, мусиқий ва спорт тадбирлари, енгил атлетика ва сузиш бўйича мусобақалар, ижодий танловлар, ёш билимдонлар ўртасида викторина ва беллашувлар, бадиий кечалар ташкил этилмоқда. Ўзбекистондан келган болалар туркманистонлик тенгдошлари билан дўстлашмоқда. Бу ҳам халқларимиз ўртасидаги қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Рустам Қурбонов, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси:
– Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарларининг Туркманбоши шаҳридаги учрашуви доирасида мамлакатларимиз ўртасида жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, бу борадаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, ўзаро тажриба алмашиш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
Жорий йил сентябрь ойида Ашхободда бўладиган ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларида Ўзбекистон спортчиларининг фаол иштирокини таъминлаш ва ҳамкорлик тўғрисида баённома имзоланди.

















