Хитойнинг таниб олиш технологиялари бозорни тобора эгалламоқда. У оилаларга йўқотилган фарзандларни қайтармоқда, ундан ҳаттоки KFC овқатланиш тармоғида таом танлашда ҳам фойдаланилмоқда.

 

Face++ юзни таниб олиш тизими хитойлик саёҳни сканерламоқда. Baidu компанияси фотоси

2017 йилнинг майида Хитойда яшовчи йигит Face++ юзни таниб олиш тизими туфайли орадан 27 йил ўтиб ўз оиласи билан топишган. Baidu корпорацияси бу тизимни турли ижтимоий соҳаларда илгари сураётганига бир йилдан ошди. Тизим жамоатчилик жойларида ишлатилмоқда, мижозларнинг истагини таҳлил қилиш учун реклама мақсадларида фойдаланилмоқда.

Гарчи ғарб давлатлари хизматнинг яратувчилари фойдаланувчиларнинг шахсий муҳитига дахл қилиши мумкинлиги борасида фаол эътироз билдириб келаётган бўлса-да, хитойлик IT-экспертларнинг фикрича, ушбу технология мамлакат хавфсизлиги учун муҳим элемент саналади.

 

Бир ўғрилик тарихи

Олти ёшли Фу Гуйни 1990 йилда, Хитойнинг Чонцинг шаҳридаги мактабдан қайтаётганида ўғирлаб кетишган. Номаълум кимсалар уни Цюйчжоу округига келтиришган ва асраб олишга розилик берган ота-онасига сотишган. Узоқ йиллар мобайнида болакайнинг ҳақиқий оиласи билан боғланишга имконияти бўлмаган.

Бундай фожеалар Хитойда тез-тез рўй бериб туради. Турли ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатда йилига 10 мингдан 70 минггача бола ўғирланади. Аксарият ҳолларда улар асраб олувчи оилаларга пулланса, қул ёки фоҳиша сифатида ҳам ишлатилади.

Хитойнинг оилаларни бирлаштирувчи энг машҳур жамоатчилик ташкилоти Baby Back Home (Baobeihuiji) деб аталади. Шўрлик ота-оналар ёки ўғирланган бола у ерга сурат жўнатишади, ташкилот эса қидирув билан шуғулланади.

Жараённи тезлаштириш мақсадида Baby Back Home юзни таниб олиш тизимидан фойдалана бошлаган. Фойдаланувчи керакли инсоннинг ёки ўзининг фотосуратини киритса, тизим архивдан иккинчи томон киритган, қидирилаётган инсоннинг ўхшаш фотосуратларини чиқариб берган. Дастлабки икки ҳафта давомида хизматни 20 минг марта гаджетларга юклаб олишган, икки бола эса ота-онасини топган. Тизимнинг битта жузъий камчилиги бор эди — у фақат бир хил ёшдаги кишиларнинг фотосуратларини таққослай оларди.