Жаҳон | 08:01 / 01.06.2017
18993
2 дақиқада ўқилади

Туркияда вертолёт қулаши оқибатида 13 ҳарбий, жумладан генерал ҳалок бўлди

AFP 2017 / Stringer

Туркиянинг жанубидаги Ширнак вилоятида ҳарбий вертолёт электр узатиш линиясига урилиб, фалокатга учради. Бу ҳақда вилоят маъмурияти маълум қилган. Фалокат оқибатида 13 киши ҳалок бўлган.  

"Ширнак вилоятининг Улудере туманида ҳарбий вертолёт ҳавога кўтарилгандан 3 дақиқа ўтиб электр узатиш линиясига урилиб қулаган. Воқеа жойига қутқарувчилар етиб келган", деб маълум қилинган хабарда.

Ҳалок бўлганлар орасида бир генерал, икки полковник ва 4 нафар ўрта бўғин зобит бўлган. Ҳарбийлар ҳалок бўлганини мамлакат бош штаби ҳам тасдиқлади.

"31 май куни соат 20:55да Сougar AS 532 туридаги вертолёт парвоздан кейин электр узатиш линиясига урилиб, фалокатга учраган. Вертолётда 13 киши бўлган. Олинган маълумотларга кўра улар ҳалок бўлганлар", деб айтилди бош штаб хабарида.

Воқеа жойига Туркия мудофаа вазири Фикри Ишик йўл олган.

Ширнак вилоятида Туркияда тақиқланган Курдистон ишчи партиясига қарши операциялар ўтказиб келинган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид