31 май куни Москванинг Люблино тумани суди судьяси «Коррупцияга қарши кураш фонди» раҳбари Алексей Навальнийга миллиардер Алишер Усмонов Россия бош вазири Дмитрий Медведевга пора бергани ҳақидаги роликни ўчириш мажбуриятини юклади, мухолифатчи эса бундай қилмаслигини билдирди.
«Тарқатилган маълумотлар Усмоновнинг ор-номус, қадр-қиммати ва обрўсини таҳқирлайди деб топилсин. Даъвогарнинг даъвоси қаноатлантирилсин», — деган судья Марина Васина. Суд Навальний 10 кун ичида Алишер Усмоновга қарши қаратилган барча видеороликларни ўчиришга ҳукм чиқарган.
Айблов
Алишер Усмоновнинг судга мурожаат қилишига «Коррупцияга қарши кураш фонди» томонидан тайёрланган, Россия бош вазири Дмитрий Медведевнинг «махфий империя»си ҳақидаги «Он вам не Димон» ( «У сизга Димон эмас») фильми сабаб бўлди. Бу фильмда Медведев мамлакат ичкарисида ва ташқарисида қатор қимматбаҳо мулкларга эгалиги иддао этилган. Шундай мулклардан бири, Рублёвка турар жой масканида жойлашган ҳашаматли турар-жой Усмонов томонидан Дмитрий Медведевнинг курсдоши Илья Елисеев раҳбарлигидаги «Соцгоспроект» фондига берилгани айтилган. Навальний буни пора деб атаган.
Усмоновнинг норозилигига Навальнийнинг бош вазир ўринбосари Игорь Шуваловга пора берилгани тўғрисидаги айблови ҳам сабаб бўлди. 2012 йилда «Коррупцияга қарши кураш фонди» суриштирувида 2004 йили амалдорнинг рафиқаси Роман Абрамович ва Евгений Швидлернинг компанияси бўлмиш «Юникаст Текнолоджи»дан 50 миллион доллар олгани, кейин бу пуллар Усмонов бизнесига йўналтирилгани, Усмонов эса бу пулларни 118 миллион доллар қилиб қайтаргани айтилганди. Навальний буни пора деб атаган, USM Holding раҳбари эса буни қатъий инкор этган.
Миллиардер шунингдек, сиёсатчининг Усмонов Россияда солиқ тўламасдан фаолият юритгани ҳақидаги айбловларини қайтариб олишини талаб этган.
Мунозаралар
Март ойида эълон қилинган видеодан кейин май ойига келиб Усмонов ва Навальний ўртасида мунозара бошланди. Миллиардер «Ведомости» нашрига интервью бериб, бош вазирга пора бергани ҳақидаги сўзларни инкор этди, Навальний эса яна ролик чиқариб, ўз талқинини баён қилди.
Шундан сўнг миллиардер «ВКонтакте»да Навальнийга икки видеомурожаат йўллади. Биринчи сафар у ўзи виждонли одам эканига ишонтиришга ҳаракат қилди ва Навальнийга узр сўрашни таклиф этди. Кейинги мурожаатида у Навальнийни «Ит юраги» қиссаси (Михаил Булгаков) қаҳрамони Полиграф Шариковга қиёслади. У икки мурожаатини ҳам «Тфу сенга Навальний» дея якунлади.
Сиёсатчи ҳам миллиардерга қарши видеолар чиқаришда давом этди.




















