Тошкент шаҳридаги Боровский номидаги коллежнинг 2-курсида таҳсил олган Жасурбек Иброҳимов 1 июнь куни касалхонада вафот этди. У 3 май куни коллеждошлари томонидан қаттиқ калтаклангач, шифохонага тушганди. У шифохонада 5 марта операция қилинган, бироқ унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган. 

Change.org сайтида эса Жасурбек Иброҳимовни ўласи қилиб калтаклаганларни жазолаш сўралган петиция пайдо бўлди.

«Айни вақтда петицияга имзо қўйганлар сони 6500 нафардан ошди (минимал - 7500). 

Марҳумнинг онаси, қариндошлари ва дўстлари ушбу фожиа айбдорларини аниқлаб, жиноий жавобгарликка тортиб, жазолашни сўраб, Ўзбекистон президентига ва ҳукуматга мурожаат қилди.

Қуйида Жасурбекнинг онаси томонидан ёзилган мактуб келтирилади. Бу мактуб ўсмирнинг ўлимидан олдинроқ ёзилган.

Менинг ўғлим, 1999 йил, 11 декабрда туғилган Иброҳимов Жасурбек Маҳаммаджон ўғли, Боровский номидаги тиббиёт коллежининг 2-курсида, 213-гуруҳда таълим олади. У одобли бола, яхши ўқийди, ичмайди, чекмайди, спорт билан шуғулланади. У отаси ва кичик фарзандларимиз билан яхши муносабатда. Мен ва турмуш ўртоғим олий маълумотлимиз ва барча фарзандларимиз соғлом оилада, меҳр ва муҳаббат билан тарбияланмоқда.

3 май куни, мен ишга кетаётганимда, соат 08:30да ўғлим уйда эди, шу куни унинг коллеждаги дарслари соат 13:20да бошланиши керак эди. Кечки соат 17:08да ўғлим Жасур менга уйимиз телефон рақамидан қўнғироқ қилди ва тезроқ уйга келишимни сўради. У йиқилиб тушгани ва бурнидан тўхтамай қон оқиб, қорни қаттиқ оғриётгани ҳақида айтди.

Унинг овози мени қаттиқ қўрқитиб юборди, чунки у сўзларни зўрға айтар,  унинг гапларини тушуниш қийин эди. Уйга қайтишда мен «Тез ёрдам» машинасини чақирдим ва шу заҳоти турмуш ўртоғим Маҳаммаджон Турсуновга қўнғироқ қилиб, ундан уйга тезроқ етиб келишни сўраб, унга Жасур йиқилиб тушганини, унинг қўрқинчли овозда гапирганини айтдим.

Мен ва турмуш ўртоғим уйга бир вақтда етиб келдик, биз подездда кўришиб, уйга кираётганимизда эшик очиқлигини кўрдик, ичкарида Жасур баланд овозда инграётганди. Болалар хонасига югуриб кирдик ва қўрқинчли манзарага дуч келдик: Ўғлим полда ички кийимда букилиб ётар, қаттиқ инграрди. Унга югуриб бориб, бошини кўтарганимизда унинг ҳолатидан даҳшатга тушдик: унинг бурни, оғзи ва қулоқларидан қон оқар, бели моматалоқ, тирсаклари шилинган, тиззалари синган, пешонаси ёрилганди.