Хоразмда фирибгарлар ушланди
Фуқаро Гулчеҳра Ўрозметова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бир гуруҳ шахслар билан тил бириктириб, жиноятга қўл урди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.
Бу кимса Урганч шаҳрида яшовчи фуқаро С.Шариповани Жанубий Корея Республикасига ишлаш учун кетишига ёрдам беришини айтиб, мазкур жараёнда расмийлаштирилиши лозим бўлган ҳужжатларни Тошкент шаҳридаги юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали тўғирлаб беришга ваъда қилади. Эвазига жабрланувчидан 15 минг АҚШ доллари хизмат ҳақи беришини талаб қилади. С.Шарипованинг бунча пуллар аслида нима учун кераклиги борасидаги саволи Г.Ўрозметова томонидан тўқилган турли уйдирма ва ёлғонлар орқали хаспўшланади. Хуллас, у қандай қилиб бўлмасин, пулларни қўлга киритишни мақсад қилади.
Г.Ўрозметова ўзининг айёрона режасини амалга оширишга ўтади. С.Шарипованинг ишларини тезроқ битказишини айтиб, Тошкент шаҳрига бориб келиш учун 1 млн. 500 минг сўм пул сўрайди. Унинг хатти-ҳаракатларидан шубҳаланган С.Шарипова бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилади. Мазкур ариза бўйича ўтказилган тезкор тадбирда Г.Ўрозметова ушбу пулларни олаётган пайтда СВОЖЖДЛҚК департаментининг Хоразм вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ушланди.
Яна бир ҳолат. “Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” Янгибозор туман электр таъминоти бўлимида 2014 йилдан буён назоратчи бўлиб ишлаб келган С.Машарипов ҳам нафсига қул бўлганлардан бири экан.
У иш фаолияти давомида фирибгарлик, пора беришга қизиқтириш, ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали ноқонуний йўллар билан моддий бойлик орттириш мақсадида бир қатор жиноятларга қўл урганлиги маълум бўлди. Жумладан, тумандаги “Уйғур” қишлоғида яшовчи К.Олимовнинг яшаш уйида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги учун тузилган далолатнома бўйича ҳисобланган 1 млн. 100 минг сўм қарзни йўқ қилиш эвазига 700 минг сўм пул беришни талаб қилиб, ундан ўз хизмат хонасида 200 минг сўм пулни фирибгарлик йўли билан қўлга киритади.
“Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас”, деганларидек С.Машарипов яна ўзини жиноят кўчасига урди. Бу сафар у туманнинг “Бошқирших” қишлоғида яшовчи Қ.Жуманиязовнинг электр энергиясидан бўлган 2 млн. 374 минг сўм қарзини “Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ мансабдор шахслари орқали йўқ қилиб беришга ваъда қилади. Унинг бу сафарги жинояти тегишли органларнинг ўз вақтида кўрган чоралари туфайли амалга ошмади. С.Машарипов мазкур қарздорликни йўқ қилиш эвазига 700 минг сўм пулларни қўлга киритмоқчи бўлган пайтида тезкор ходимлар томонидан ушланди.
Ҳар иккала ҳолатда ҳам жиноят иши қўзғатилиб, жиноятчиларга нисбатан суд ҳукми билан тегишли жазо тайинланди.
Мавзуга оид
18:04
Урганч шаҳрига 50 та замонавий автобус келтирилди
12:07 / 09.11.2024
Хоразмда мевага кира бошлаган интенсив боғ бузиб ташланди
10:50 / 28.10.2024
Хоразмда айрим лойиҳалар учун Полша технология ва инвестициялари жалб қилинади
16:26 / 16.10.2024