Жаҳон | 08:25 / 09.06.2017
19463
2 дақиқада ўқилади

Туркия президенти тан соқчиси "рус рулеткаси" ўйнаши вақтида ўзини отиб қўйди

Туркия полицияси Туркия президенти қўриқлаш хизматининг 24 ёшли ходими Рамазон Ўзчеликнинг ўлими тафсилотларини тергов қилмоқда. Тахмин қилинишича, Ўзчелик рус рулеткаси ўйнаш вақтида ўзини отиб қўйган.

Ушбу воқеа 5 июнда Истанбулда Ўзчеликнинг маъшуқаси, ўзбек миллатига мансуб Фарида Байрамованинг уйида содир бўлган. Ўзчелик Байрамова билан интернет орқали 9 ой олдин танишган бўлган. Аёлнинг айтишича, у марҳумга рус рулеткаси ўйини тасвирланган бир нечта видеони кўрсатгач, Ўзчелик камаридан тўппончани олиб, "Мана, бу ўйинни қандай ўйнаш керак" деб тўппончани бошига тираган. Байрамова йигитни бу шумликдан қайтармоқчи бўлган, бироқ тўппонча тепкиси босиб бўлинган, деб хабар бермоқда Hurriyet нашри.

Бироқ, таъкидланишича, полицияда Байрамованинг гаплари ростлигига жиддий шубҳалар бор. Аёл Ўзчеликка кўришни таклиф қилган бирорта видеони тақдим қила олмаган. Бундан ташқари, аёлда 4 та мобиль телефон аниқланган. Аёл бунча кўп телефони борлигини у мунтазам хорижга чиқиши сабабли кераклиги билан тушунтирган.

Бундан ташқари, аёлнинг буюмлари орасида қайд қилиш рақамида F ҳарфи бўлган бир долларлик банкнота топилган. Тахмин қилинишича, мухолифатчи Фатҳулла Гулен тарафдорлари бундай банкноталар ёрдамида бир-бирларини танийдилар. 

Президент тан соқчисининг ўлимини тергов қилиш билан Туркия полиция бошқармасининг аксилтеррорчилик департаменти шуғулланмоқда.

Мавзуга оид