Осиё минтақасидан ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи А гуруҳи, 8-турида Ўзбекистон терма жамоаси сафарда Эрон футболчиларига қарши баҳс юритади. Беллашув 12 июнь, душанба куни Теҳрон шаҳридаги “Озоди” стадионида бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент ватқи билан 21:45 да бошланади.
ЎФФ матбуот хизмати жамоалар ўртасидаги ўзаро ўйинлар статистикаси, таркибдаги йўқотишлар ва бўлажак ўйинга оид бошқа маълумотларни тақдим қилди.
Ўзаро учрашувлар
Ўзбекистон ва Эрон шу кунгача 7 марта ўзаро тўқнаш келган. Форслар 5 ўйинда ғалаба қозонган бўлса, битта учрашувда Ўзбекистон миллий терма жамоаси зафар қучган. Яна бир ўйинда муроса кўчаси танланган. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Эронга қарши ягона ғалабаси 2012 йили Теҳронда қайд этилган.
Жамоалар ўртасидаги барча ўйинлар натижаси
14.12.1998 Ўзбекистон – Эрон 0:4 | Осиё ўйинлари 1/4 финал
11.07.2007 Эрон – Ўзбекистон 2:1 | Осиё Кубоги, гуруҳ босқичи
05.09.2009 Ўзбекистон – Эрон 0:0 | Ўртоқлик ўйини
03.06.2012 Ўзбекистон – Эрон 0:1 | ЖЧ–2014 саралаши
14.11.2012 Эрон – Ўзбекистон 0:1 | ЖЧ–2014 саралаши
11.06.2015 Ўзбекистон – Эрон 0:1 | Ўртоқлик ўйини
06.10.2016 Ўзбекистон – Эрон 0:1 | ЖЧ–2018 саралаши
Бўлажак ўйинга тайёргарлик
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Эронга қарши ўйин олдидан 6 июнь куни Тошкентда Таиланд термаси билан куч синашди. Темурхўжа Абдухолиқов ва Сардор Рашидовнинг голлари Ўзбекистонга 2:0 ҳисобидаги ғалабани олиб келди.

Эрон термаси 4 июнь куни Подгорица шаҳрида Черногория футболчиларига қарши баҳс олиб борди. Сардор Ўзмуннинг дубли Карлуш Кейруш жамоасига 2:1 ҳисобидаги ғалабани келтирди.
Йўқотишлар
Ўзбекистон терма жамоаси сафида бир қатор йўқотишлар мавжуд. Жумладан, Виталий Денисов, Ислом Тўхтахўжаев, Александр Мерзляков каби футболчилар Таиланд ва Эронга қарши ўйинларда майдонга тушмаслиги анча олдин маълум бўлган эди.


















