Меҳрдод Ахлоқий Китобчи Эрон мудофаа ва қуролли кучларни таъминлаш вазири этиб тайинланди. 18 октябр куни Эрон парламенти онлайн йиғилишда 68 ёшли Ахлоқийнинг номзодини маъқуллади. Маҳаллий ОАВга кўра, жами 237 нафар депутат уни ёқлаб, 15 нафари қарши овоз берди. Бу қарор АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши янада кучайиши кутилаётган бир пайтда қабул қилинди.
Эроннинг собиқ мудофаа вазири Азиз Насирзода урушнинг биринчи куни – 28 февралда Исроил зарбалари оқибатида ҳалок бўлганди. Ўша куни Олий раҳбар Али Хоминаий ва бошқа кўплаб юқори мартабали эронлик шахслар ҳам ҳалок бўлганди.
Шундан буён бу лавозимни вақтинча Мажид Ибн Ризо эгаллаб турганди. Энди у Ахлоқийнинг ўринбосари бўлади.
Янги вазир ким ва ундан нималар кутилмоқда?
Ярим йилдан ошган уруш давомида АҚШ ва Исроил Эроннинг ҳарбий-саноат инфратузилмасини жиддий зарбалар остига олган. Al Jazeera нашрининг ёзишича, Ахлоқий ана шу инфратузилмани қайта тиклаш ва кенгайтиришга масъул бўлади.
Янги вазирнинг мудофаа режалари бундан аввал юқори ҳарбий раҳбарият, Эрон президенти Масъуд Пизишкиён ва парламентнинг Миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат комиссияси томонидан маъқулланган.
«Эрон Ислом Республикаси ҳеч бир давлатга қарши тажовузни бошлаб берувчи томон бўлмайди. Бироқ ҳар қандай тажовузга қарши мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини қатъият билан ва ўлимгача ҳимоя қилади», дея Пизишкиённинг сўзларини келтирмоқда нашр.
Президентнинг айтишича, Ахлоқий мудофаа вазирлиги ва унга алоқадор ташкилотларда 42 йилдан ортиқ тажрибага эга.
Унинг асосий ихтисослиги баллистик ракеталар, қаттиқ ёқилғили двигател тизимлари, аэрокосмик технологиялар ва ҳарбий-саноат ишлаб чиқариши ҳисобланади. У аввал Эрондаги қурол ишлаб чиқарувчи учта ташкилотга раҳбарлик қилган. Ахлоқий ва бу тузилмалар АҚШ санкциялари остида.
Эрондаги Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига яқин кўриладиган Tasnim нашрининг ёзишича, Ахлоқий сўнгги ўн йилликларда бир неча турдаги ракеталар ва қурол ишлаб чиқишга оид бошқа лойиҳаларга алоқадор.



















