Спорт | 10:19 / 14.06.2017
15142
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореяга қарши қаҳрамона ўйиндан кейин қатарликлар мураббийи истеъфо берди

ЖЧ-2018 саралаши доирасида учинчи босқич, 8-турда Жанубий Кореяга қарши кечган ва 3:2 ҳисобидаги ғалаба билан якунланган учрашувдан кейин Қатар терма жамоаси бош мураббийи Хорхе Фоссати истеъфо берди. Бу ҳақда Al-Kass TV телеканалида хабар қилинган.

Уругвайлик ушбу мутахассиснинг қарори раҳбарият учун кутилмаган қарор бўлди ва бу истеъфо ҳозирча қабул қилингани йўқ.

Фоссати 2016 йил сентябрида терма жамоани қабул қилиб олганди. Ўшанда Қатар кетма-кет икки мағлубиятдан кейин  Хосе Даниэль Карреньони истеъфога чиқарганди. Фоссати бошчилигида қатарликлар кейинги 6 турда 2 ғалаба, бир дуранг ва 3 мағлубият қайд этишди, терма жамоа айни вақтда 7 очко билан гуруҳда бешинчи ўринда жойлашган ва ЖЧ-2018 йўлланмасидан умид узган.

Қайд этиш керакки, Қатарнинг гуруҳ фаворитларидан бири Жанубий Кореяни мағлубиятга учратиши Ўзбекистон терма жамоасига қўл келди. Эндиликда иккинчи ўриндаги Жанубий Корея (13 очко) учинчи ўриндаги Ўзбекистондан (12 очко) узоқлашиб кета олмаган ва йўлланма тақдири икки терма жамоанинг ўзаро учрашувида ҳал қилинадиган бўлган.

Фоссати 2007-2008 йилларда ҳам Қатар терма жамоасида ишлаган, ундан аввалроқ, 2004-2006 йилларда Уругвайни бошқарган, кейинги йилларда Қатарнинг "Ал-Райян" клубида ишлаб келаётганди. 

Мавзуга оид