Бугун, 25 сентябр куни Самарқанддаги шахмат олимпиадасида 9-тур баҳслари ўтказилади.

Ўзбекистоннинг асосий жамоаси 8-турда Германия билан баҳсда 1,5-2,5 ҳисобида ютқазиб қўйди.

Немисларнинг асосий шахматчиси Маттиас Блюбаумга қарши дона сурган Жавоҳир Синдаров ишончли ғалабага эришганди. Аммо кейинги доскалардаги Шамсиддин Воҳидов ва Нодирбек Ёқуббоев ўз партияларини ютқазишди. Шамсиддин Расмус Сванега қарши баҳсда ташаббусга эгалик қилиб турганида қўпол хатога (big blunder) йўл қўйди ва ўйин охиригача ёмон вазиятдан чиқиб кета олмади. Ёқуббоев эса Фредерик Сванега қарши баҳсда юришларга жуда кўп вақт сарфлаб қолди ва якунда цейтнотга тушиб қолиб (вақт етмай қолди), таслим бўлди. Ҳолбуки Ўзбекистон асосий жамоаси аъзолари шу вақтгача бирор партияда ютқазмай келаётганди.

Биринчи доскада Нодирбек Абдусатторов қийин вазиятда қолганига қарамай, Винсент Кеймер билан дуранг ўйнади, аммо бу умумий натижага таъсир қила олмади.

Бу турда бошқа жуфтликларнинг айримларида Ўзбекистон учун керакли ҳисоблар қайд этилди: ғолиблик учун фаворитлардан бири бўлган Ҳиндистон Озарбайжон билан баҳсда очко йўқотди (2:2), Арманистон ва Нидерландия баҳсида ҳам дуранг натижа қайд этилди. Шу билан бирга, АҚШ, Хитой ва Франция ўз учрашувларида ғалаба қозонди.

Ўзаро учрашувдаги ғалаба эвазига Германия очколар сони бўйича Ўзбекистонга етиб олди (14 тадан) ва фақат қўшимча кўрсаткичлар эвазига иккинчи ўринда жойлашган.

Яна саккизта жамоа, жумладан, Ўзбекистон-2 жамоаси ҳам 13 тадан очкога эга.

Турнир давомида Испанияни мағлуб этган ва Франция билан дуранг ўйнаган Ўзбекистон-2 жамоаси 8-турда Англиядан устун келди ва 10-ўринга кўтарилди.

photo_2026-09-24_21-51-13

Инглизларга қарши баҳсда дастлабки учта партия дуранг билан якунланди: Жаҳонгир Воҳидов Майкл Адамс билан, Абдималик Абдисалимов Гавейн Жонс билан, Муҳаммадзоҳид Суяров эса Люк Макшейн билан очколарни бўлишиб олди.

Ҳумоюн Бегмуратов Даниэл Фернандесни мағлуб этиш орқали жамоага муҳим ғалаба келтирди – 2,5:1,5.

Ўзбекистон-3 жамоаси Швейцарияга 1:3 ҳисобида ютқазди. Саидакбар Сайдалиев ва Алмас Раҳматуллаев мос равишда Себастян Богнер ҳамда Ли Мин Пэнга имкониятни бой берди, Баҳром Баҳриллаев ва Муҳаммадали Абдураҳмонов ўз баҳсларини дуранг билан якунлади.