Жамият | 17:59 / 15.06.2017
13710
3 дақиқада ўқилади

2017 йилнинг энг фаол ҳамшираси аниқланди

Ўрта тиббиёт ходимлари меҳнатини баҳолаш, самарали фаолият олиб бораётган мутахассисларни муносиб рағбатлантириш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва келажакда билим ва маҳоратларини янада оширишлари учун шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида, мана, бир неча йилдирки, “Ҳамшира” кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда. 

Кун.uz’га Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, ўз мавқеи ва обрў-эътиборини йўқотмай, муносиб тарзда ташкил этилаётган танлов 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да ўзгача тайёргарлик ва кўтаринки руҳда ўтказилди. 

“Ҳамшира — 2017” кўрик-танловининг якуний финал босқичи Тошкент шаҳрида ўтказилди. Бу галги танлов ташкилий ва мазмун жиҳатдан ҳар йилгиданда ўзгача тартибда ўтди. 

Танловнинг Республика босқичида иштирокчилар уч турдаги шарт бўйича ўз маҳоратларини намойиш этишди. Ҳар бир шарт 10 баллик мезон асосида ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. 

Биринчи шартда иштирокчилар тиббиёт соҳасидаги амалий билимларини синовдан ўтказишди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида ўтказилган ушбу шартда ҳамшираларнинг бемор билан мулоқот маданияти, унинг аҳволини тўғри баҳолаб, муолажаларни тиббий асбоб-ускуналардан унумли фойдаланган ҳолда сифатли бажариши баҳоланди. 

Иккинчи шартда ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг тиббиёт соҳасидаги назарий билимларини синовдан ўтказишди. Бунда ҳамшираларнинг шошилинч тез тиббий ёрдам, бирламчи патронаж тизими, репродуктив саломатлик ва акушерлик ёрдами, терапия, хирургия, педиатрия, гериатрия каби 7 та йўналиш бўйича назарий ва амалий кўникмаларини босқичма-босқич бажариш алгоритми баҳоланди. 

Шундан сўнг ҳамшираларнинг тиббий, ижтимоий-сиёсий билимлари синовдан ўтказилди. Учинчи шартда ҳакамлар иштирокчиларнинг мамлакатимизда ўтказилаётган туб ислоҳотлар, хусусан, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар моҳияти ва унда ҳамшираларнинг ўрни ва вазифаси, тиббий таҳлил натижаларига кўра касаллик белгиларини аниқлаши ва ҳамширалик ёрдамини ташкил этиш, эпидемиологик ҳолат юз берганда кўриладиган чора-тадбирлар бўйича назарий билимлари синовдан ўтказишди.

Тошкент Шаҳар шошилинч тез тиббий ёрдам шифохонаси ҳамшираси Шаҳноза Позилова биринчи ўринни, Поп туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси Феруза Бўтаева иккинчи,  Бухоро вилоят кўптармоқли тиббиёт маркази реанимация бўлими ҳамшираси Муҳаррам Салимова учинчи ўринни қўлга киритди.  

Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. 

Мавзуга оид