Аччиқ бўлса-да, тан олиш керак, бугун бу ибора нафақат давлат ташкилоти ходимларини, балки матбуотчиларни ҳам бош қашлашга мажбур қилмоқда. Сабаби, босма нашрлар сероб, обуначилар эса ўша-ўша.
Обуна мавсуми бошланиши билан ҳар бир газета-журнал ўз маҳсулотини тарғиб қилишга тушади. Сир эмаски, босма оммавий ахборот воситалари асосан обуна, реклама ва тижорат мақолалари ҳисобидан молиялаштирилади. Қайсидир амалдорнинг ёки ташкилот раҳбарининг аралашуви билан амалга оширилган обунани ҳисобга олмасак, ихтиёрий обуналар жуда камчиликни ташкил этади.
Хўш, нега ихтиёрий обуна кам?
Иқтисодчилар таъбири билан айтганда, маҳсулот харидоргир эмасми, демак у сифатсиз. Яхши маҳсулот шундоқ ҳам қўлма-қўл бўлиб кетади. Тўғри, маҳсулотни сифатсиз, дейиш, ўта нисбий тушунча. Нашрлар ичида ёритилган мавзулар долзарб бўлиши, ҳеч бир имловий ёки услубий хатолар учрамаслиги мумкин. Аммо керакли маълумот бўлмаса, газета ёки журнални харидор сотиб олмайди. Ёхуд газетани ўз вақтида етказиб бериш билан боғлиқ муаммо борми, демак, ўқувчининг таъби хира бўлиши табиий. Зеро, ахборот асрида бугунги маълумот кун ўтмай янгиланади. Эскирган гапни сотиб олиш кимга ёқарди?
Босма нашрлар ҳаддан зиёд кўп. Масалан, ўқитувчини тиббиёт, спорт, ҳуқуқ, сиёсат, қурилиш ёки иқтисод соҳасига оид газеталарга обуна бўлишга ундашади. Табиийки, харажатлар ортиб, у ўзи истаган нашрга обуна бўлишга шошилмайди. Тан олиш керак, кўпгина давлат ташкилотлари ўз ходимларини фаолиятига алоқаси бўлмаган нашрларга ҳам обуна бўлишга даъват этаверади.
Нархнинг қимматлиги
Дарҳақиқат, бугун ихтиёрий тарзда обуна бўлиш жуда кам учрайди. Боиси, маҳсулот сифати замон талабларига жавоб бермайди. Биринчидан, моддий база ачинарли ҳолатда, иккинчидан саҳифаларда ўз йўналишига алоқаси бўлмаган мақолалар сероб, учинчидан нашрни обуначига ўз вақтида етказиб бериш борасида ҳам муаммолар йўқ эмас. Мазкур муаммо ўз-ўзидан вужудга келмаган, албатта.
Ниманинг ҳисобига нарх қиммат?
Маълумки, аксарият нашрлар чоп этиш ҳаражатларини айнан обуна билан қоплайди. Етказиб берувчи ташкилотлар газета-журналларга қўшимча нарх белгиланиши обуначи учун қимматга тушиши тайин. Обуна камлиги боис, таҳририят етказиб бериш харажатларини обунадан қоплашга мажбур. Бироқ айрим Ғарб мамлакатларида етказиб бериш таҳририятнинг зарарига ишлайди. Нархларни арзонлаштириш мақсадидаги мазкур чора-тадбирлар обуна сонини ошириш ва реклама берувчилар эътиборини қозонишга қаратилган. Аниқроғи, Европа матбуотида таҳририятлар нашрни етказиб бериш харажатларини реклама ва эълонлардан тушган маблағлар ҳисобидан қоплайди.














