Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан Кун.uz таҳририятининг ижодий жамоаси Қашқадарё вилоятига сафар уюштирди. Мазкур сафар давомида вилоятда юз берган ўзгаришлар, олиб борилаётган ишлар билан бирга мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳам ўрганилди.

Ана шу ютуқ ва камчиликлар, фуқаролар мурожаати таҳлили ва истиқболдаги режалар юзасидан вилоят ҳокими Зафар Рўзиев билан суҳбат бўлиб ўтди. Жумладан, вилоят ҳокими Президент қабулхонасига мурожаат йўллаш бўйича Қашқадарёнинг етакчи ўринларда қайд этилаётгани борасида тўхталар экан шундай фикрларни билдирди:

“Мустақилликнинг 25 йили давомида вилоятда муайян ишлар амалга оширилди. Аммо муҳтарам президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган виртуал қабулхона ҳаётимизда ўз ечимини кутаётган жуда кўплаб муаммолар борлигини, айтиш мумкинки, одамларнинг турмуш тарзи жар ёқасига келиб қолганини кўрсатиб қўйди. Тан олиб айтиш лозим-ки, шу пайтга қадар оддий инсонлар ҳаётига бефарқ қараб келинган. Бу ҳолатни вилоят ҳокимидан тортиб, маҳалла оқсоқолигача бўлган раҳбарлар иш жараёнида учратиш мумкин эди. Виртуал қабулхонанинг ташкил этилиши том маънода барча раҳбарлар учун келажак режасини тузишда ҳам ас қотмоқда.

Ана шундай муаммолар уй-жой, ер, суд-ҳуқуқ масалаларида ўртага чиқмоқда ва уларнинг аксари ўз ечимини топаяпди. Мурожаатларнинг аксарида Республика идоралари билан боғлиқ камчиликлар ҳам чиқиб қоляпти. Биз нафақат мазкур мурожаатлар асосида, балки ўзимизнинг чекка туманларга сафарларимиз чоғида ҳам аҳоли ўртасида мавжуд муаммоларни ўз ўрнида ва тезкорлик билан ижобий ҳал этяпмиз. Бу эса одамлар руҳиятида президентимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатга нисбатан ижобий муносабатнинг пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда”.

Вилоят ҳокими жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга сафари борасида тўхталар экан, бу ташриф Қашқадарё вилояти учун янги саҳифа очганини таъкидлади.

“Вилоятдаги жуда кўплаб муаммоли масалалар мазкур ташриф давомида ўз ечимини топаяпти. Умумий қиймати уч трлн сўм бўлган тўрт мингга яқин лойиҳа дастури ишлаб чиқилди. 2017-2018 йил давомида вилоятда жами 50 мингга яқин муқим иш ўрни яратиш режалаштирилди. Бу вилоятнинг очилмаган имкониятларидан унумли фойдаланиш ва фуқароларнинг айрим муаммоларига ечим топишда туртки бўлади. 

Бундан ташқари, вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги ўткир муаммолар ҳам мазкур ташриф давомида ўз ечимини топди. Масалан, Қашқадарё вилоятида қандли диабет билан касалланиш кўрсаткичи анча юқори. Рақамлар ҳар йили 30 фоизгача кўтарилиб боряпти. Вилоятда эса эндокринология шифохонаси мавжуд эмас. Қурби етганлар пойтахтга ёки хорижга чиқиб даволанишяпти, аммо имкони йўқлар эса даволанмай, қийналиб юришган эди. Президентимиз вилоятга ташрифи давомида мазкур йирик муаммони ижобий ҳал этиб берди. Бу каби ишларга мисол қилиб юқумли касалликлар шифохонасининг юз фоиз таъмирдан ўтказилиши ҳам келтириш мумкин. Чунки бу таъмир ҳеч қандай инвестиция дастурларига киритилмаган ҳолда, мана шу вилоят учун алоҳида ғамхўрлик сифатида амалга ошириладиган бўлди”.