Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига табриги йўллади. Табрик матни ЎзА томонидан эълон қилинган.

Қадрли дўстлар! 

Аввало, сиз, азизларни – юртимиздаги барча журналистлар, газета ва журналлар, теле-радиоканаллар, нашриёт ва матбаа корхоналари фидойиларини, муҳтарам фахрийларни Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, сизларга ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромим, эзгу тилакларимни изҳор этишга рухсат бергайсиз.

Кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлган оммавий ахборот воситалари ҳақида сўз юритганда, биз, аввало, доимо янгилик излаб, янгиликка интилиб, ҳаётнинг қайноқ нуқталарига кириб борадиган, холислик ва ҳаққонийлик, Ватан ва халқ манфаатларини биринчи ўринга қўядиган олижаноб ва масъулиятли касб эгаларини тасаввур қиламиз. 

Ҳурматли юртдошлар! 

Бутун мамлакатимиз қатори Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ҳам мустақиллик йилларида катта ривожланиш йўлини босиб ўтганини барчамиз яхши биламиз ва бундай ютуқлар билан ҳақли равишда фахрланамиз. 

Ҳозирги кунда республикамизда 1500 дан зиёд оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатмоқда. Биргина Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибидаги телеканалларнинг бир сутка давомидаги умумий эфир вақти 616 соатни ташкил этмоқда. Ҳолбуки, мустақилликдан олдин бу рақам бор-йўғи 48 соатга тенг эди, холос. 

Эътиборга молик жиҳати шундаки, оммавий ахборот воситаларининг таркиби ҳам тубдан ўзгариб бормоқда. Буни юртимиздаги барча телеканалларнинг қарийб 53 фоизи, радиоканалларнинг эса 85 фоизи нодавлат оммавий ахборот воситалари экани ҳам тасдиқлайди. Яқин кунларда иш бошлайдиган, кечаю кундуз узлуксиз фаолият олиб борадиган “O`zbekiston – 24” телеканали миллий ахборот маконида ўз муносиб ўрнини ва ўз томошабинларини топади, деб ишонамиз. 

Бу ҳақда сўз юритганда, энг тезкор ахборот воситаси – Интернет ҳаётимизга тобора чуқур кириб бораётганини алоҳида қайд этиш лозим. Ҳозирги вақтда глобал тармоқда Uz доменли веб-сайтлар, ахборот порталлари сони 400 дан ошиб кетгани, уларнинг аксарияти хорижий тилларда фаолият кўрсатаётгани, ушбу йўналишда янги ижодий авлод – Интернет журналистлари шаклланиб бораётгани эътиборга сазовордир.