Бугун мамлакатимизда аҳоли фаровонлиги йўлида зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб эълон қилиниши ҳам ана шу хайрли ҳаракатларнинг ёрқин мисолидир. Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Иқбол Мирзо билан адибларга қаратилаётган эътибор, уюшманинг истиқболдаги режалари ва шу каби масалалар юзасидан суҳбат уюштирдик.
М.: - Ассалому алайкум Иқбол ака, суҳбатимизни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” мавзуси билан бошласак.
И. М.: - Жорий 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон мафаатлари йили”, деб эълон қилиниши барча юртдошларимиз каби, биз адибларни ҳам қувонтирди. Боиси, халқ манфаати йўлида хизмат қилиш, юрт равнақининг гарови демакдир. Биргина, ҳазрат Алишер Навоийнинг ўзи халқ дардини тинглаш, унинг манфаатларини кўзлаб иш тутишда катта жонбозлик кўрсатгани ва бу мамлакатнинг ривожланишида долзарбликни касб этгани тарихимиздан маълум.
Умуман, демократия мавзусида сўз юритадиган бўлсам, Мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари!” шиори остида улкан ишлар бажарилган эди. Ҳозирги кунга келиб, Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан йилимизга халқ манфаатига доир ном берилиши, жойларда уларнинг Халқ қабулхоналари ташкил этилиши демократия тушунчасининг ёрқин кўриниши бўлди, дейиш мумкин. Нега деганда, бугун дунёнинг қайси минтақасига қараманг, юртимиздаги каби мана шундай ташаббусларга деярли гувоҳ бўлмайсиз. Қолаверса, Президентимизнинг ўтган йилда жорий қилинган Виртуал қабулхонаси ҳам халқ дардини тинглаш, муаммоларнинг ижобий ҳал этилишида янги тизимга айланди. Ўзимни ҳаётимдан мисол келтириб айтадиган бўлсам, мен Миробод туманида истиқомат қиламан. Очиғи, яшаётган кўчамизнинг йўл таъмири ниҳоятда ёмон аҳволда эди. Қўшни аёлимизнинг мазкур масала юзасидан Виртуал қабулхонага мурожаати тез кунда ўрганиб чиқилди ва вазият ҳозирда яхшиланмоқда. Ваҳоланки, бу бўйича ўзим ҳам кўп бора ҳаракат қилиб кўрганман. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, айни бугунги кунда оддий халқнинг дард-у ташвишлари, муаммоларига шахсан Президентнинг ўзи эътибор қаратаётгани камдан кам давлатлардагина учрайдиган ҳолдир. Юртимизда олиб борилаётган мана шундай ислоҳотлар тинчлигимиз барқарорлиги, тараққиётимиз бардавомлигига хизмат қилади, деб ишонаман.
М.: - Мустақиллигимизнинг 26 йиллигига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қандай ҳозирликлар кўрмоқда?
И. М.: - Энг улуғ ва энг азиз байрамимиз ҳисобланган Истиқлолимиз шодиёнасига йил бошиданоқ катта тайёргарлик кўриб келмоқдамиз. Таниқли ижодкорларимизнинг сара асарларидан иборат бадиий тўпламлари нашр этилди ва яна шундай нашрларимизнинг давоми мавжуд. Июль ойи ўрталарида бундан йигирма йил муқаддам асос солинган Зомин семинарининг қайта ўтказилишига тараддуд кўрилмоқда. Бир гуруҳ иқтидорли ёшларимизнинг “Биринчи китобим” лойиҳаси асосида бадиий ҳамда публицистик тўпламлари чоп этилиши режалаштирилган. Шунингдек, уюшмамиз муассислигида “Ватан учун яшайлик!” номли Республика ижодий ишлар танловини ҳам бошлаб юборганмиз.
















