Тиббиёт соҳасини замонавий фикрлайдиган, чуқур билимли, масъулиятни ҳис этадиган, ҳар жиҳатдан етук кадрлар билан таъминлаш масаласига бугун давлат даражасида эътибор қаратилмоқда. Президент соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари билан ўтказган учрашувларда ҳам бу масалага алоҳида тўхталиб ўтган эди. Хусусан, халқаро тажрибани ўрганган ҳолда, тиббий таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш лозимлигини таъкидлаганди.
Ўтган давр мобайнида Президентнинг мазкур топшириғи юзасидан олиб борилган ишлар, тизимда кутилаётган ўзгаришлар ва уларнинг натижаси хусусида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов тўхталиб ўтди.
— Ҳар қандай соҳа ривожи шу йўналишда тайёрланаётган кадрлар салоҳиятига боғлиқ. Хусусан, тиббиёт ҳам, — дейди Соғлиқни сақлаш вазири. — Гарчи, энг замонавий техникалар, сўнгги технологиялар соҳага киритилса-да, бинолар реконструкция қилиниб, мукаммал бошқарув тизими шакллантирилса-да, кадрлар масаласида оқсаш бўлса, соҳа ривожида кутилган натижа бўлмайди. Давлатимиз раҳбари бошчилигида шу йилнинг 5 январь ва 7 февраль кунлари соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан бўлган учрашувларда, шунингдек, 30 март куни ўтказилган видеоселектор мажлисида тиббиёт ходимларини тайёрлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилгани бежиз эмас.
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида тиббий таълим тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ушбу йўналишда муҳим бурилиш ясаб берди.
— Сир эмас, ҳудудларда тиббий кадрлар етишмовчилиги билан боғлиқ муаммолар кузатилмоқда. Айтингчи, Президент қарорида бунинг ечими ҳам назарда тутилганми?
— Жойларга чиқиб мавжуд ҳолат ўрганилганда, соғлиқни сақлаш соҳасининг бирламчи тизимида кадрлар таъминотида номутаносибликлар борлиги аён бўлди. Масалан, мамлакатимиз бўйича шифокорларнинг умумий сони 72 минг нафар бўлиб, ҳар 10 минг аҳолига нисбатан 23,5 нафарни ташкил этади. Аммо айрим вилоятларда бу кўрсаткич талаб даражасида эмас.
Мамлакатимизда 7 та олий тиббий таълим муассасалари ҳамда уларнинг ҳудудий филиалларида ҳар йили 2 мингдан ортиқ шифокорлар тайёрланмоқда. Тан олиш керак, олий тиббий таълим муассасаларида бакалавриат босқичининг (даволаш иши) 7 йил давом этиши замон талабларига жавоб бермаслиги билан бирга, мазкур таълим учун асосланмаган ҳолда ортиқча молиявий маблағларни ҳам талаб этиб келаётганди.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида айнан тиббий кадрлар етишмовчилигини бартараф этиш масаласига ечим кўрсатилган. Яъни, ҳужжатда тиббий таълим йўналишларидаги бакалавриат тизимида ўқиш муддатларини белгилаш алоҳида қайд этилди. Унга кўра, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб даволаш иши, касбий таълим (даволаш иши), ҳарбий-тиббиёт иши (даволаш иши), педиатрия иши 6 йил, тиббий-биологик иш 4 йил, тиббий профилактика иши 5 йил этиб белгиланди. Эътиборли томони, ҳозирги вақтда “даволаш иши”, “касбий таълим” (даволаш иши), “ҳарбий тиббиёт иши” (даволаш иши), “педиатрия иши” бакалавриат йўналишлари бўйича таълим олаётган 2-5-босқич талабалари ҳам таълимни 6 йиллик ўқув дастури асосида давом эттириши кўзда тутилган.












