Ўзбекистон | 15:20 / 30.06.2017
63401
2 дақиқада ўқилади

«Камолот» ЁИҲ тугатилди

Фото: «Kamolot.uz»

Бугун, 30 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида «Камолот» ЁИҲ (Ёшлар ижтимоий ҳаракати) қурултойи бошланди.

«Кун.uz»га қурултой иштирокчиларининг маълумот беришича, ташкилот тугатилган - номи ўзгартирилган ва «Камолот» ЁИҲ ўрнида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкил этилган.

Маълум қилинишича, йиғилиш танқидий руҳда ўтди. Ҳозирги кунда «Камолот» ЁИҲга нисбатан ёшларнинг ишончи сўниб бораётгани таъкидланган. Президент залга йиғилган ёшлар билан суҳбат қурар экан, ташкилот номини ва фаолиятини тубдан ўзгартириш вақти келганини айтган.

Шу муносабат билан «Камолот» ЁИҲ нодавлат-нотижорат ташкилоти фаолияти тугатилиб, унинг ўрнида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи давлат ташкилоти тузилгани эълон қилинган.

Шу йил апрель ойи бошида «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатига Одилжон Фотиҳжонович Тожиев раис этиб тайинланган, кўп вақт ўтмай Сарвар Ғаниевич Ашуров унга биринчи ўринбосар бўлганди. Янгиланган ташкилотда уларнинг лавозими сақланиб қолган-қолмагани ҳозирча маълум эмас.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 1991-1996 йилларда ҳам Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи номидаги ташкилот фаолият юритганди (Ўзбекистон ҳали Собиқ иттифоқ таркибида бўлганида тузилган, комсомол ўрнида - таҳр).

1996 йил апрель ойида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов фармони билан «Камолот» жамғармаси тузилган. Ушбу жамғарма 2001 йилда ёшлар ижтимоий ҳаракатига айлантирилганди.

Халқаро пресс-клубда 1 июль куни бу борадаги ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумотлар берилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид