Ўзбекистон | 18:45 / 30.07.2019
20089
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекча палов ва жаҳон андозаси. Вазир ўринбосари фан олимпиадалари халқаро стандартларга мослаштирилмаслигини антиқа изоҳлади

Бугун, 30 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳияти ва ижроси юзасидан брифинг ташкил қилинди.

Унда Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси ўринбосари Дилноза Каттахонова мавзу юзасидан ОАВ ходимларига маълумот берди, шунингдек, спикерлар журналистлар томонидан берилган саволларга ҳам жавоб қайтаришди.

Тадбирда халқаро фан олимпиадаларида ғолибликка эришган аксарият ўзбекистонлик ўқувчиларнинг республика ички олимпиадаларида кўрсатган натижалари юқори бўлмаcлиги, аммо халқаро олимпиадаларга ички танловларда ғолиб бўлган ёшлар эмас, қуйироқ, 4-5 ўринни эгаллаган ўқувчилар юборилиши ва айнан улар яхши натижа кўрсатиши борасида савол берилган.
Саволга Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров қуйидагича жавоб берди: «Олимпиадаларда иккита ҳар хил тизим ва баҳолаш мезонлари бор. Республика фан олимпиадаларида асосан мактаб дарсликлари дастури бўйича, шунингдек, ностандарт кўринишдаги масалалар тест орқали берилади. Халқаро олимпиадаларда эса кўпроқ ўқувчиларнинг ижодий билимлари баҳоланади. У ерда ўқувчиларнинг кўпроқ ижодкорлиги баҳоланади. Шундай ҳолатлар бор, ўқувчи бизнинг Республика олимпиадаларида тестдан юқори натижа кўрсата олмаган, лекин халқаро олимпиадада ўз ижодкорлиги билан юқори натижа кўрсатган».

Алишер Умаров

Вазир ўринбосари шунингдек, журналист томонидан берилган «Нега унда ички олимпиадаларимиз низоми халқаро стандартларга мослаштирилмайди?» мазмунидаги саволига ҳам жавоб қайтарди. 

«Ҳамма нарсани ҳам жаҳон андозаси бўйича қила олмаймиз. Мен жуда кўп мамлакатларда бўлганман. Агар паловни жаҳон андозаси бўйича қиладиган бўлсак, сиз билан биз бу паловни ея олмаймиз. Бизнинг ўзбекча палов умуман бошқача», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид